Ссылки доступа

Хўжанд шаҳар суди собиқ раиси порахўрлик иши бўйича 2 йилга озодликдан маҳрум этилди


Тожикистон Олий суди Хўжанд шаҳар суди собиқ раиси Хомижон Муҳаммадзодани порахўрликда айбланиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Тожикистоннинг амалдаги Жиноят кодексида бундай жиноят учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган. Хўжанд шаҳар суди собиқ раисига нима сабалан енгил жазо қўлланилгани номаълум.

Олий суднинг 11 ноябрь куни чиқарилган ҳукми нусхаси 16 ноябрь куни Озоди радиоси ихтиёрида эди.

Озоди радиосидаги манбалар апрель ойи охирида Хўжанд шаҳар суди раиси Хомижон Муҳаммадзодани ҳибсга олиш бўйича муваффақиятсиз операция чоғида сирли равишда “йўқолиб қолгани” ҳақида хабар берган эди. Аммо кейинроқ манбалар Муҳаммадзода ва шаҳар суди судьяси Рустам Маҳмадсаидзода коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан ўтказилган операция давомида ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 30 май куни Муҳаммадзодани “судья шаъни ва қадр-қимматини камситувчи қилмиш содир этгани учун” Хўжанд шаҳар суди раиси лавозимидан озод қилди. Бу сўз билан Маҳмадсаидзода ҳам ўз лавозимидан маҳрум бўлди.

Тожикистон Олий суди раиси Шермуҳаммад Шохийён 14 июль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Хўжанд шаҳар судининг собиқ раиси Ҳомиджон Муҳаммадзода ва шаҳар суди собиқ судьяси Рустам Маҳмадсаидзода пора олишда гумон қилинаётганини маълум қилди.

Бироқ орадан бир неча кун ўтиб Тожикистон Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги тергов бошқармаси бошлиғи Насриддин Низомзода Хўжанд шаҳар суди собиқ раиси Ҳомиджон Муҳаммадзода ва ушбу суднинг собиқ судьяси Рустам Маҳмадсаидзода воситачи орқали 4000 АҚШ доллари миқдорида пора олганликда айбланган.

11 ноябрь куни Хўжанд шаҳар суди собиқ раиси Хомижон Муҳаммадзода пора олишда (Тожикистон Республикаси Жиноят кодекси 319-моддаси 3-қисми) айбланиб, 2 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Хомижон Муҳаммадзода 2021 йил ноябрь ойида Хўжанд шаҳар суди раиси лавозимига тайинланган эди. У бу лавозимни аввал - 1996 йилдан 2000 йилгача эгаллаб келган. У ўтган даврда Бобожон Ғофуров туман суди раиси, Суғд вилоят суди раиси, Жаббор Расулов туман суди раиси, Спитамен туман суди раиси лавозимларида ишлаган. Муҳаммадзода биринчи даражали малакали судья бўлиб, «Шараф» ордени билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG