Ссылки доступа

ТИВ Афғонистонда этник тожиклар ҳуқуқлари поймол этилишидан хавотир билдирди


Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими Афғонистонда этник тожиклар ҳуқуқлари поймол этилаётганидан хавотир билдирди.

Россиянинг ТАСС агентлиги хабарига кўра, 16 ноябрь куни Афғонистон бўйича Москвада ўтказилган маслаҳат йиғилишида сўзга чиққан Тожикистон ТИВ стратегик тадқиқотлар бошқармаси бошлиғи Вафо Ниятбекзода шундай деди: “Биз тожик миллатига мансубларнинг кенг миқёсда овланаётгани ҳақида бир неча бор хавотир билдирганмиз. Бу айниқса Афғонистоннинг пойтахти Кобул, Панжшир ва бир қатор шимолий вилоятларида яққол кўзга ташланади. Ҳар куни Афғонистон Миллий Қаршилик Жабҳаси билан ҳамкорлик баҳонасида қотилликлар содир этилмоқда”.

“Биз Афғонистондаги турли этник гуруҳлар ҳуқуқлари, аёллар, собиқ ҳукумат аскарлари ва маданият арбоблари ҳуқуқлари поймол этилишига кескин қаршимиз”, — деди Ниятбекзода. Унинг таъкидлашича, Душанбе Афғонистонда барча сиёсий ва этник гуруҳлар иштирокида инклюзив ҳукумат тузилмаганини таъкидлайди.

16 ноябрь, чоршанба куни Россия пойтахтида Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг Москва формати доирасида навбатдаги учрашув бошланди, бу аввалги учрашувлардан фарқли ўлароқ, ҳозир Тожикистонга қўшни давлатда ҳукмронлик қилаётган «Толибон» ҳаракати вакиллари иштирокисиз ўтмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов маслаҳатлашувлар бошланишидан олдин ҳам журналистларга маълум қилди. Толибоннинг бу борадаги фикри номаълум.

Расмий маълумотларга кўра, Москвада бўлиб ўтган тўртинчи Москва форматидаги йиғилишда Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари вакиллари иштирок этган.

Ушбу йиғилишда Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Туркия вакиллари ҳам меҳмон сифатида иштирок этишди.

Ушбу форматдаги учинчи учрашув 2021 йил 20 октябрь куни Москвада бўлиб ўтди, унда «Толибон» делегациясига Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Салам Ҳанафий бошчилик қилди.

XS
SM
MD
LG