Ссылки доступа

Ҳаага суди MH-17 рейсини уриб туширганларни умрбод қамоққа ҳукм қилди


Ҳаага суди MH-17 рейсини уриб туширганликда айбланаётган тўрт кишидан уч нафарини сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Россиялик Игорь Стрелков (Гиркин), Сергей Дубинский ва украиналик Леонид Харченко 298 кишининг ўлимида айбдор деб топилди. Суд яна бир россиялик Олег Пулатовни далиллар етишмагани ортидан оқлади.

MH-17 рейси уриб туширилган 2014 йилнинг 17 июнида Стрелков Донецк айирмачиларининг мудофаа вазири, Дубинский эса унинг ўринбосари бўлган. Пулатов Дубинскийнинг қўл остида, Харченко эса Пулатовнинг қўл остида ишлаган.

Судда айбланувчилардан бирортаси иштирок этмади. Олег Пулатов манфаатларини судда адвокатлар гуруҳи ҳимоя қилди. Стрелков ва Дубинский айбдор эканликларини рад этишди.

17 ноябрда Ҳаага суди MH-17 рейси Россия кучлари назорати остида бўлган “ДХР” (Донецк халқ республикаси) ҳудудидаги Первомайское қишлоғидан отилган “Бук” мажмуаси ракетаси ёрдамида уриб туширилган, деган хулосага келгани хабар қилинганди.

Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган Малайзиянинг Boeing-777 учоғи қулаган 2014 йил июлида Россия ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган “ДХР”ни назорат қилаётган бўлган. Суд қаноатича, Кремль айирмачиларга йўл кўрсатиб турган ва улар Москвага ҳисобот бериб келишган. Учоқ қулаши натижасида ўшанда 298 киши нобуд бўлган.

Россия Ташқи ишлар вазирилиги Ҳаага суди қарорини сиёсий мотивацияга эга деб баҳолади. Вазирликнинг билдиришича, Ҳолландия прокуратурасининг хулосаси аноним гувоҳларга таянган ҳолда чиқарилгани ва гувоҳларнинг исмлари ошкор қилинмаётгани эътиборсиз қолдирилмоқда.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк Ройтерс агентлигига бу қарор “россияликлар содир этаётган ҳар бир ҳарбий жиноят ҳужжатлаштирилиб борилаётганини ва айбдорлар жазоланишини англатади” деб билдирди.

XS
SM
MD
LG