Ссылки доступа

Ўзбекистон-Россия жамоаларининг Тошкентдаги футбол ўйини дуранг натижа билан якунланди


Тошкентнинг “Пахтакор” стадионида 20 ноябрь куни бўлиб ўтган футбол бўйича Ўзбекистон ва Россия жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 0:0 ҳисобида якунига етди.

Худди шу куни миллионлаб мухлислар Қатардаги жаҳон чемпионати очилишини орзиқиб кутишмоқда. Ўзбекистон жамоаси ва миллионлаб ўзбек футбол мухлислари учун эса, Жаҳон чемпионати ҳануз орзулигича қолмоқда. Россия эса Украинага тажовуз боис ушбу чемпионатдан четлаштирилган.

Аслида Россия шу куни Босния-Герцеговина жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказишга умид қилаётганди. Аммо, мухлислари ва баъзи ўйинчилари босими остида қолган Босния “агрессор давлат” билан ўйиндан воз кечди.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон терма жамоаси собиқ тренери Вадим Абрамов Россия билан ўртоқлик учрашуви ўтказилишида муаммо кўрмаётганини айтди.

Жаҳон чемпионатига чиқолмаган Ўзбекистон ва Украинага уруш боис чемпионат саралаш босқичидан чиқариб юборилган Россия жамоалари учун бу биринчи учрашувдир.

Иккала жамоа шу пайтгача расмий ўйинларда тўқнаш келмаган.

“Пахтакор” стадиони трибунаси Украина байроғини эслатувчи сариқ-мовий рангда. “Пахтакор” жамоаси ранги сариқ-мовий бўлгани боис стадион ўриндиқлари шу рангларга бўялган.

Россия-Ўзбекистон футбол ўйинини “Бунёдкор” стадионига кўчириш масаласи кўтарилгани ҳақида баъзи нашрлар ёзиб чиқди. “Бунёдкор” стадионида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани боис бу амалга ошмаган.

Ўзбекистон Футбол федерацияси бу хабарларни изоҳламади.

Федерация вакиллари матбуот анжуманида ушбу ўйин мақоми “ўртоқлик” эканини айтишган. Лекин, бунинг учун FIFA очколари бериладими?, деган саволга: “Ҳозирча изоҳ йўқ, ҳозирча билмаймиз”, - дея жавоб қилишди.
"Шармандалик"

FIFA ва UEFA мусобоқаларидан четлатилган Россия жамоси учун Ўзбекистон билан ўйин Украинага уруш бошланган сўнгги тўққиз ой ичидаги учинчи ўйин бўлади.

Жамоа 23 сентябь куни Қирғизистон, 17 ноябрь куни эса Тожикистон билан учрашди. Россия Қирғизистонни 2:1 ҳисобида, шунда ҳам биринчи голни ўтказиб, сўнгги голни ўйин охирида уриб зўрға ютди.

Украинада уруш бошланганидан сўнг, Россия терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Шунингдек, Россия 2024 йилги Европа чемпионатидан ҳам четлат илди, терма жамоа саралаш ўйинларига қуръа ташлаш маросимида иштирокчилар қаторига киритилмади.

Россиянинг 2028 ва 2032 йиллардаги футбол бўйича Европа чемпионатларини ўтказиш бўйича таклифи ҳам номақбул деб топилди.

Ўйин Қатарда жаҳон чемпионати бошланишидан бир кун олдин 19 ноябрь куни Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилиши керак эди.

Россия томони европалик рақибларга ўйин учун 200 минг евро таклиф қилгани, барча харажатларини қоплашга ваъда берди.

Мухлислари ва баъзи ўйинчилари ҳамда мураббийларининг қаттиқ босими ортидан Босния-Герсеговина футбол уюшмаси Россия билан ўйиндан воз кечди.

Ўзбекистон Футбол федерацияси вакилларига кўра, Россия-Ўзбекистон жамоалари ўйини пайти Тошкентнинг “Пахтакор” стадионида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Ҳозирдан стадион атрофига ички ишлар ходимлари жойлаштирилган.

XS
SM
MD
LG