Бу ҳақда 21 ноябрь куни Жўқорғи Кенгеснинг Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат қўмитаси йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров маълум қилди.
У депутатнинг Қирғизистонда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақидаги саволига жавоб берар экан, бу маълумотни тилга олиб, ҳозирда мамлакатдаги энг йирик лойиҳалар Қамбарота-1 ГЭСи ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши эканлигини таъкидлади. “Бу Қирғизистондаги энг йирик иккита қурилиш лойиҳаси бўлади”, — деди Жапаров.
Аввалроқ «Қирғизтемиржўлу» компанияси ва Хитой темир йўл қурилиш корпорациясининг Биринчи лойиҳа-қидирув институти ўртасидаги шартнома шартларига кўра, 160 нафар мутахассис Қирғизистонга бориб Норин ва Жалолобод вилоятларида дала ишларини олиб бораётгани хабар қилинган эди. Техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқиш доирасида улар топографик тадқиқотлар, тупроқ намуналарини синовдан ўтказишади.
Шу йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Қирғизистон Республикаси ҳудудида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама шартнома имзоланган эди. Келишувларга кўра, темир йўл Торугарт – Арпа – Макмал – Жалолобод йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Уч мамлакат мутахассислари 2023 йил 1 июнгача лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаши керак.