Ссылки доступа

Хоруғда фаол Ораз Вазирбековнинг яқин қариндоши ҳибсга олинди


Ораз Вазирбеков
Ораз Вазирбеков

Хоруғда фуқаролик фаоли Ораз Вазирбековнинг яқин қариндошларидан бири қўлга олинди. Қариндошларига кўра, қўлга олинган Хоруғ шаҳар уй-жой коммунал хўжалиги бўлими собиқ бошлиғи Тохир Абдолбеков намойишчиларга моддий ёрдам кўрсатганликда гумон қилинмоқда.

Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маъмурияти аъзоси 21 ноябрь куни Озоди радиосига Тохир Абдолбеков ҳибсга олинганини тасдиқлади, бироқ бу ҳақда маълумот беришдан бош тортди.

Яқинларининг айтишича, Тохир Абдолбеков ўтган ҳафта Хоруғдаги уйида қўлга олинган.

“Унга ҳали айблов эълон қилинмаган. Бизга айтишларича, у гўёки Хоруғдаги намойишчиларга моддий ёрдам кўрсатган. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди, у намойишчиларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган”, — деди ўзини сир тутишни маъқул кўрган маҳбуснинг яқинларидан бири.

Тохир Абдолбеков Ораз Вазирбековнинг куёви (синглисининг эри) бўлиб, Хоруғ шаҳрида бир нечта дўконлари бор.

5 ноябрь куни Душанбе шаҳар суди фуқаролик фаоли, Москвадаги помир диаспораси етакчиларидан бири Ораз Вазирбековни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ораз ва Рамзи Вазирбеков 2022 йил 29 июль куни Домодедово аеропортида Екатеринбургдан учиб кетишганидан сўнг ғойиб бўлишди. Орадан бир кун ўтиб “Беҳдошт ТВ” деб номланган YouTube каналида Ораз ва Рамзи ўз ихтиёри билан ватанларига Хоруғ шаҳрида бўлиб ўтган воқеалар юзасидан расмийларнинг саволларига жавоб бериш учун қайтиб келганликлари ҳақида видео жойлаштирди.

Суд Ораз Вазирбековни экстремизм ва интернет орқали конституциявий ҳукуматни ағдаришга чақиришда айбдор деб топди. Қариндошларига кўра, фуқаролик фаоли 2012 йилда Тожикистон хавфсизлик кучларининг Хоруғ шаҳрида ўтказган махсус амалиёти чоғида жабрланган оилаларга бадахшонлик муҳожирлар юборган хайрия маблағларини ўзлаштирганликда ҳам айбланган. Ораз Вазирбеков ва унинг яқинлари айбловларни рад этади.

Ораз билан бирга қўлга олинган Рамзи Вазирбеков 5 ноябрь куни 13 йилга озодликдан маҳрум этилган. Душанбе шаҳар суди уни Тожикистон Жиноят кодексининг икки моддаси - 2-қисми билан айбдор деб топди.

Жорий йилнинг май ойида Бадахшонда ўнлаб фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишлари ва тартибсизликлардан сўнг Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари юзлаб одамларни, жумладан, Бадахшон фуқаролик жамияти фаолларини ушбу тартибсизликларни қўзғатганликда айблаб, ҳибсга олди. Бу одамларнинг яқинлари барча айбловлар асоссиз, қариндошлари эса айбсиз эканини таъкидламоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистон ҳукуматини бундай хатти-ҳаракатлари учун кескин танқид қилмоқда. Хусусан, Human Right Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тожикистон ҳукуматига Тоғли Бадахшон автоном вилояти аҳолисини ноқонуний ҳибсга олиш ва адолатсиз судловларни тўхтатишни сўраб мурожаат қилган.

XS
SM
MD
LG