Ссылки доступа

Nvidia ширкати Россия бозоридан кетишини очиқлади


Видеокарталар ва чиплар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Nvidia ширкати Россияда бизнес-операцияларни ёпиши ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда ширкат ҳисоботида айтилган.

Компания баҳосига кўра, бу йил Россиядаги бевосита сотувлар “арзимаган” (сотувлар умумий ҳажмидан тақрибан 2 фоиз, гейминг соҳасидаги сотувлар эса 4 фоизга яқин) улушда бўлган.

Март ойида ширкат Украина уруши туфайли Россияга ўз жиҳозларини етказиб беришни тўхтатганини билдирган эди. Июль ойи бошида эса Nvidia Россия ширкатларига булутли гейминг учун ўзининг дастур таъминоти лицензияси муддатини узайтириш ва сотишни тўхтатиб қўйгани маълум бўлган. Аввалроқ Forbes нашри компания октябрь ойи охиригача Россиядаги офисини ёпиб, ходимларини бошқа мамлакатларга олиб чиқиб кетишни режалаётгани ҳақида ёзган. Нашр манбасига кўра, бу қарор “ходимларнинг самарали ишини таъминлаш имконсиз бўлиб қолгани” муносабати билан қабул қилинган.

Сентябрь ойи бошида АҚШ президенти Жо Байден Россия ва Хитойга мураккаб компьютер чипларини сотиш бўйича янги чекловларни жорий қилган. The New York Times газетаси ўшанда чекловлар Nvidia ва Advanced Micro Devices (AMD) томонидан ишлаб чиқарилаётган юқори самарали чипларга тегишли бўлиши ҳақида ёзган.

XS
SM
MD
LG