Ссылки доступа

АҚШ Душанбени оғир касал бўлган Иегова гувоҳларини қамоқдан озод қилишга чақирмоқда


Қўшма Штатлар қамоқдаги Иегова гувоҳи Шомил Ҳакимовнинг соғлиғидан хавотир билдирди.

22 ноябрь куни АҚШ элчихонаси кекса маҳбус оғир хасталикдан азият чекаётгани ҳақида баёнот берди, бироқ судлар унинг муносиб даволаниш ҳақидаги барча илтимосларини рад этди.

2019 йилнинг кузида Шомил Ҳакимов ирқий, миллий ёки диний адоват қўзғашда айбдор деб топилиб, 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Илгари қариндошлари унинг оёқларида доимий оғриқлар (қамоққа олингунга қадар оёғида операция қилинган) ва гипертония касаллиги борлигини айтишган. Бу йил эса, 8 ноябрь куни унинг адвокати Ҳакимовнинг бир кўзи кўр эмаслигини айтди.

АҚШ элчихонаси Тожикистон ҳукуматини Ҳакимовнинг даволанишига тўсиқсиз киришини таъминлашга чақирди. Ва бундан сал олдин икки америкалик сенатор ҳам Тожикистон ҳукуматини Ҳакимовни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Флорида штатидан республикачи сенатор Марко Рубио жорий йилнинг октябрь ойида твиттер саҳифасида Шомил Ҳакимовни ўз эътиқоди учун қамалган шахс сифатида тан олди. “Бу диний эркинликка ҳужум. Шомил Ҳакимовнинг соғлиғи ёмонлашган, уни зудлик билан қўйиб, оиласига қайтариш керак”, — деб ёзди у твиттердаги саҳифасида.

АҚШ Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (ХДЭБК) комиссари Нури Туркел ҳам “Ҳакимовнинг соғлиғи оғирлигича қолмоқда, чунки Тожикистон ҳукумати уни ноҳақ ҳибсда ушлаб туриши ва унга зарур тиббий ёрдам кўрсатмаслигини таъкидлади. Керакли муолажани олиш учун уни зудлик билан қўйиб юбориш керак”, дея баёонот қилди.

Аввалроқ БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ҳам Тожикистон расмийларидан Ҳакимовнинг қамоқхонадан ташқарида даволанишига рухсат беришни сўраган эди. Сўров жавобсиз қолган.

“Иегова гувоҳлари” ташкилотининг судланган аъзоси Шомил Ҳакимовнинг адвокати ҳам маҳбусни озод этишни сўраб Президент, Бош прокурор, Адлия вазири ва Омбудсманга қилган мурожаатида талаб қилган.

Мурожаат Ҳакимовнинг адвокати Юлдуз Қурбонова номидан 8 ноябрь куни тайёрланган, бироқ унинг нусхаси Озоди радиосига 21 ноябрь куни етиб келган. Мурожаатда Шомил Ҳакимовнинг қамоқхонадаги аҳволи ўта оғир экани, кўриш қобилиятини йўқотгани айтилади.

Адвокат 71 ёшли маҳбусни қутқариб қолишга ёрдам сўраб Тожикистон президенти ва бошқа расмийларига мурожаат қилган.

Тожикистон расмийлари Шомил Ҳакимовни озод қилиш ҳақидаги хат ва илтимосларга ҳозирча жавоб бермаган. Фақат бир марта расмийлар Ҳакимовнинг қамоқхона касалхонасига ўтказилгани ҳақида хабар беришган.

Шомил Ҳакимов иши Тожикистондаги энг шов-шувли воқеалардан биридир. Расмийлар Шомил Ҳакимовни Тожикистондаги “Иегова гувоҳлари” диний ташкилотининг 1990 йиллар ўрталарида бу оқимга қўшилган уч нафар етакчиларидан бири деб билади.

2007 йилнинг кузида Иегова гувоҳлари фаолияти вақтинча тўхтатилди ва роппа-роса бир йилдан сўнг Душанбе ҳарбий гарнизони суди ушбу диний ташкилот фаолиятини бутунлай тақиқлаш тўғрисида қарор чиқарди. Шундан сўнг расмийлар ташкилот вакиллари “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун моддаларини мунтазам равишда бузганликлари ва такрорий огоҳлантиришларга жавоб бермаганликларини маълум қилдилар.

XS
SM
MD
LG