Ссылки доступа

«Росатом» Қирғизистонда атом электр станциясини қуришнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрламоқда


Қирғизистон Энергетика вазирлиги Россиянинг «Русатом Энерджи Проект» («Росатом») компанияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, шартнома асосида «Росатом» Қирғизистонда қуриладиган кичик атом электр станциясининг техник-иқтисодий асосини тайёрлайди. Ушбу шартнома Сочида бўлиб ўтаётган «Атомэкспо-2022» халқаро форуми доирасида имзоланган. Уни Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Росатом вакили Андрей Рождествин имзолади.

Жорий йил бошида Энергетика вазирлиги Россиянинг «Росатом» компанияси билан Қирғизистон Республикасида кичик атом электр станциясини қуриш бўйича меморандум имзолагани хабар қилинган эди. Ҳозирча ушбу лойиҳа ҳақида қўшимча маълумот йўқ.

2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ҳам Россия билан атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди. Унга кўра, «Росатом» ВВEР-1200 реакторига эга икки авлод 3+ энергоблоклардан иборат комплекс қуради. Станция Ўзбекистон бюджети маблағлари ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Йирик иншоотни қуриш учун энг мақбул жой сифатида Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги жой танланди. Худди шу жойда атом электр станциясини қуришга тайёргарлик бошланган.

2019 йил октябрь ойида «Росатом» бош директори Алексей Лихачев йил охиригача корпорация Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича асосий шартномани имзолашини айтган эди. Аммо бу ҳужжат ҳали имзоланмаган.

«Ўзатом» бош директори Жўрабек Мирзамахмудовнинг сўзларига кўра, АЭСнинг биринчи блоки 2028 йилда, иккинчиси эса 2030 йилда ишга туширилади.

XS
SM
MD
LG