Ссылки доступа

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонга 131 тонна озиқ-овқат берди


Қўшма Штатлар ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали қиймати 410 минг долларга тенг бўлган 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини Ўзбекистонга етказиб берди. Бу ҳақда 23 ноябрь куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.

Қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари “тўйимли сабзавотлар ва дуккаклилар аралашмасидан иборат бўлиб, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя муассасалари ва ёрдамга муҳтож оилаларга тарқатилади”.

“Мазкур ёрдам 98 та соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасасига тарқатилиб, мамлакатдаги 35 минг нафар энг ёрдамга муҳтож фуқаролар, хусусан, дори-дармонга чидамли сил касаллиги билан оғриган беморлар, узоқ муддатли парваришлаш муассасалари, меҳрибонлик уйлари ва кексалар ва ногирон болаларни парваришлаш ва қўллаб-қувватлаш муассасаларни қамраб олади”, дейилади расмий билдирувда.

Мазкур ёрдамни тақсимлаш Американинг Resourse and Policy Exchange нотижорат ташкилоти томонидан Ўзбекистонда фаолият юритувчи «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда амалга оширилади.

2010 йилдан буён, USAIDнинг озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 4 миллион доллардан ортиқ 1425 тонна озиқ-овқат ёрдами Ўзбекистонга етказиб берилган.

“Ўзбекистонга яқинда келтирилган бу гуманитар ёрдам АҚШнинг соғлиқни сақлаш соҳасига киритган 122 миллион АҚШ доллардан зиёд узоқ муддатли сармоясининг давоми бўлиб, сўнгги 20 йил мобайнида берилган умумий ёрдам қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ошган”, дейилади элчихона билдирувида.

XS
SM
MD
LG