Ссылки доступа

Пашинян КХШТ саммитида ҳужжатларни имзолашдан бош тортди


Арманистон бош вазири Никол Пашинян Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 23 ноябрда Ереванда ўтган саммитида КХШТ коллектив хавфсизлик Кенгаши декларациясини ва Арманистонга кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорликдаги чоралар тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашдан бош тортди.

Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати маълум қилди.

КХШТга Арманистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларусь аъзо давлат ҳисобланади.

Саммитда сўзлаган Пашинян ташкилотни Озарбайжон ҳаракатларига сиёсий баҳо беришга чақирди. Унга кўра, Озарбайжон Арманистонга агрессия қилмоқда. Пашинян ташкилотга аъзо давлатларни Озарбайжонни “Арманистоннинг босиб олинган ҳудудларидан аскарларини олиб чиқиб кетишга” мажбурлашни талаб қилди. Арманистон бош вазири бу талаблар бажарилмаса “КХШТ ўз иттифоқчилик мажбуриятлароидан воз кечган бўлади” деб айтди ва ташкилотдан ҳарбий ёрдам сўрамаслигини билдирди.

Ереван расмийлари Озарбайжон сентябрь ойидаги қуролдли тўқнашувлар ортидан Арманистон ҳудудининг бир қисмини босиб олган, деб ҳисоблайди. Расмий Боку эса икки давлат ўртасида чегаралар демаркация қилинмагани билдириб, Ереван иддаосини инкор қилиб келади.

Аввалроқ Беларусь президенти Александр Лукашенко арман томони ҳужжатларга иккита қўшимча киритишни таклиф қилгани, аммо қолган давлатлар бу таклифни қабул қилмаганини айтган эди. Россия президенти Путин эса саммитда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланишига умид билдирди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков саммит ҳақида гапирар экан, Арманистоннинг КХШТдан чиқиши ҳақида гап бўлмаганини айтди. Унга кўра, “лидерлар ҳамма масалалар бўйича муросага кела олмаган”, холос.
Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Тоқаев эса Украинада “тинчлик ўрнатиш формуласини коллектив тарзда излаш пайти” келганини айтди. Унга кўра, “ҳеч бўлмаганда оташкесимга эришиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш лозим”.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Еревандаги саммити арафасида мухолифатдаги “Миллий-демократик қутб” партияси 22 ноябрь куни Арманистон пойтахтида норозилик намойиши ўтказган эди.

XS
SM
MD
LG