Ссылки доступа

Ўзбек расмийлари Тошкентга трамвайни қайтариш бўйича амалий қадам қўйишга қарор қилишди


Ўзбекистон билан Франция расмийлари Тошкентнинг трамвай тизими лойиҳасини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни имзолашган.

Газета.uz нашри хабарига кўра, ҳужжатга 22 ноябрь куни Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Франция ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва хориждаги францияликлар ишлари бўйича вазири Оливье Бешт томонидан Парижда қўл қўйилган.

Ўзаро келишувга мувофиқ, Ўзбекистон пойтахтидаги 9,1 километрлик трамвай линияларини Франциянинг Alstom ширкати қурадиган бўлган. Қиймати 167,4 миллион еврога баҳоланаётган лойиҳа амалга оширилса, янгидан ишга тушган трамвайлар кунига 78 минг киши йўловчи ташиш мумкин бўлиши айтилмоқда.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов линияларнинг йўналишлари ҳали аниқ эмаслигини билдирган. Тошкентни бўлажак “Янги Тошкент” шаҳри билан боғловчи Янги Ўзбекистон кўчаси истиқболли йўналишлардан бири бўлиши мумкинлиги айтилган.

“Бунда, тахминларга кўра, линия “Дўстлик” метро бекатидан бошлаб, Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ўтади”, деб ёзган нашр.

Шу тариқа 2016 йил баҳорида ўзбек расмийлари қарори билан хизматидан воз кечилган трамвайлар яна Тошкентга қайтадиган бўлиб турибди.

Маълумотларга кўра, Тошкент трамвайининг тарихи 1901 йилларга бориб тақалади. Тарихий ҳужжатларда эски Тошкент марказида биринчи бўлиб отлар тортиб юрадиган вагонлар темир йўллар устида қатнагани айтилади. 1912 йилга келиб эса Тошкентда электр билан юрадиган трамвайлар пайдо бўлган.

XS
SM
MD
LG