Ссылки доступа

Хитойда полиция iPhone заводи ишчиларининг намойишини куч билан бостирди


Хитойнинг Чженчжоу шаҳридаги Apple компаниясининг энг йирик смартфонлар ишлаб чиқарувчи заводида ишчилар ва полиция ўртасида тўқнашув юз берди. Полиция корхона ходимларининг кам иш ҳақи ва меҳнат шароитларига қарши норозилигини куч билан бостирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеотасвирларда юзлаб ишчилар полицияга тўқнаш келган. Кадрларда намойишчиларнинг маош ва санитария ҳолатидан шикоят қилгани акс этган.

Намойишлар сешанба куни эрталаб бошланган. Ишчилар Appleнинг субпудратчиси Foxconn ишга олиш чоғида ваъда қилинганидек, икки ойлик иш учун уларга 25 минг юань (3,5 минг доллар) тўламаганидан норози бўлган. Пайшанба куни Foxconn иш ҳақида юзага келган муммога "техник хато" сабаб бўлганини айтди ва узр сўради.

Шунингдек, ишчилар COVID-19 тести ижобий бўлган ҳамкасблари бошқалардан ажратилмаганидан норози. Foxconn бу маълумотни "мутлақо ёлғон" деб атади.

Октябрь ойида Чженчжоудаги завод ишчилари оммавий равишда кетишни бошладилар, шундан сўнг Foxconn янги ходимларни ёллашга мажбур бўлиб, "бонуслар" ваъда қилди. Бунинг натижасида 100 000 дан ортиқ янги ишчилар ишга олингани хабар қилинмоқда.

Бироқ, Apple Чженчжоудаги заводида ишлаб чиқаришдаги узилишлар туфайли iPhone 14 етказиб бериш қисқариши ҳақида огоҳлантирди.

Бир кун олдин Хитойда COVID-19 билан касалланганлар сони бўйича кунлик рекорд қайд этилди - тахминан 31,700 киши.

XS
SM
MD
LG