Ссылки доступа

Тожикистонда ИШИД жангариси Абу Довуд устидан суд бошланди


 Парвиз Саидрахмонов («Абу Довуд»). Архивное фото
Парвиз Саидрахмонов («Абу Довуд»). Архивное фото

Тожикистонда “Исломий давлат” (ИД) гуруҳи аъзоси Парвиз Саидраҳмонов (“Абу Довуд”) устидан суд жараёни бошланди. Манбаларга кўра, “Абу Довуд” бир ой аввал ватанига экстрадиция қилинган. Жангари Тожикистон, Россия ва Швециядаги бир неча террорчилик ҳаракатларига алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Душанбе маҳкамасида Абу Довуд номи билан машҳур бўлган, қатор мамлакатларда тақиқланган ИШИД террористик гуруҳига ёлланган ва террористик ғоялар тарғиботчиси Парвиз Саидраҳмонов устидан суд жараёни бошланди.

Озодлик радиосининг тожик хизмати манбасининг 24 ноябрь куни бўлиб ўтган судда айтишича, 35 ёшли Парвиз Саидраҳмонов “терроризм, қотиллик, одамларни гаровга олиш, хорижий давлат ҳудудида ёллаш ва жанговар ҳаракатларда қатнашиш, террорчилик ташкилотини ташкил этишда” айбланмоқда.

“Агар судланувчининг айби исботланса, унга 25 йилгача ёки умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин”, — дея қўшимча қилди манба.

Парвиз Саидраҳмонов билан бирга унинг рафиқаси Мадина Бондаренко ва тўрт нафар фарзанди Тожикистонга олиб келинган.

“Менинг қизим Россия фуқароси, уни алдаб Сурияга олиб кетишган. Мен Россия расмийларидан қизим ва невараларимни ватанларига қайтаришни сўрадим”, деди 24 ноябрь куни Озодлик радиосига Мадина Бондаренконинг онаси Оксана Жейлиева.

Тожикистон ҳукумати Парвиз Саидраҳмоновни ИШИД ғояларини энг хавфли ёлловчи ва тарғиботчиларидан бири деб атаган. У 200 дан ортиқ одамни ИШИД сафига жалб қилгани айтилади. Россия илтимосига кўра у Интерпол қидирувида бўлган. Парвиз Саидраҳмонов, яқинларининг сўзларига кўра, Россияда ишлаб юрган ва у ердан Ироққа жўнаб кетган ва у ерда террорчилик ташкилоти жангарилари сафига қўшилган.

2019 йил 23 ноябрь куни Туркиянинг TRT Haber телеканали Африн шаҳридаги қамоқхонадан репортаж ва Абу Довуд билан суҳбатни намойиш этди. Парвиз Саидраҳмонов ўзини Фирдавс деб таништириб, Тожикистондан эканлигини, Сурия режими билан урушга келганини айтди. Орадан бир неча ой ўтгач, “Абу Довуд” қамоқдан сирли равишда ғойиб бўлгани маълум бўлди. 2021 йил охирида жангари Суриянинг Жараблус шаҳридаги эркак қочқинлар лагерида кўриниш берган. Маълум қилинишича, асли осетинлик Парвиз Саидраҳмоновнинг рафиқаси ва унинг икки хотинидан тўрт нафар фарзанди ҳам ушбу лагерда сақланган.

Жорий йилнинг июль ойида Тожикистон ҳукумати Парвиз Саидраҳмоновни ватанига экстрадиция қилиш бўйича Туркиянинг «кўрсатмасини» олган эди. Парвиз Саидраҳмоновнинг экстрадиция қилиниши эҳтимоли Тожикистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари Рамазон Раҳимзоданинг Туркияга ташрифи ва бу мамлакат ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу билан ўтказган музокараларидан сўнг маълум бўлди. Анқара қандай шароитда Абу Довудни экстрадиция қилишга рози бўлгани номаълум. Озодлик радиосининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларининг айтишича, бунгача Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари Туркия расмийлари билан камида уч марта музокаралар ўтказган, бироқ ИШИД жангарисини экстрадиция қилиш бўйича сўровлар Анқара томонидан жавобсиз қолган.

Тожикистон расмийларига кўра, 2013-2015 йилларда 2000 га яқин фуқаро ИШИДга қўшилиш учун ўз мамлакатини тарк этган. Маълумки, Сурия ва Ироқдаги жангларда бир неча юз киши ҳалок бўлган, ватанига қайтганларнинг бир қисми амнистияга учраган ёки узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ироқ ва Суриядан тожикистонлик «ИШИД» жангариларининг 220 дан ортиқ хотини ва болалари ўз ватанларига қайтарилди.

XS
SM
MD
LG