Ссылки доступа

Халқаро ташкилотлар ва Ғарб элчихоналари Болот Темировни депортация қилиш қарорини қоралади


Бир қатор халқаро ташкилотлар ва Ғарб элчихоналари терговчи журналист Болот Темировнинг Қирғизистондан Россияга депортациясига изоҳ берди.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси журналистнинг депортациясини “демократик тамойилларга зид” дея баҳолади. Дипломатик миссия журналистлар ўз касбий вазифаларини бажариш чоғида қасос олишдан қўрқмасликлари кераклигини таъкидлади.

“Бишкек шаҳар судининг журналист Болот Темировни депортация қилиш ҳақидаги қарори демократик тамойилларга зиддир. Журналистларга жазодан қўрқмасдан ишлашга рухсат бериш керак. Сўз эркинлиги Қирғизистон Конституцияси билан ҳимояланган – бу ҳуқуқларга риоя қилиш керак”, — деди АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Твиттердаги саҳифасида журналист Болот Темировни Қирғизистондан депортация қилиш қароридан «хавотирда» эканини айтди. “Журналистлар ҳеч қачон ўз ишини бажаргани учун жазоланмаслиги керак. Қирғизистон Республикаси ўзининг фаол фуқаролик жамияти билан машҳур. Сўз эркинлигини бўғишга уринишлар бу обрўга доғ туширмоқда”, — деди Прайс.

Буюк Британиянинг Қирғизистондаги элчихонаси Бишкек шаҳар судининг Болот Темировни депортация қилиш ва уни зудлик билан ҳибсга олиш тўғрисидаги қароридан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.

“Қирғизистонда сўз эркинлиги Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган. Журналистика баъзан ноқулайлик туғдириши мумкин, аммо оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳимоя қилиниши керак. Журналистлар қатағондан қўрқмасдан ўз вазифаларини бажара олишлари керак”, — дейилади Британия элчихонаси баёнотида.

Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги делегацияси ҳуқуқ-тартибот идораларининг терговчи журналистга нисбатан ҳаракатлари Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига зид, деб ҳисоблайди.

“Биз Бишкек шаҳар судининг таниқли журналист Болот Темировни ҳайдаб чиқариш тўғрисидаги қароридан қаттиқ хавотирдамиз. Бу ҳаракатлар Қирғизистоннинг мустақил оммавий ахборот воситалари, сўз эркинлиги ва терговчи журналистларнинг шахсий хавфсизлиги кафолатларига нисбатан халқаро мажбуриятларига зиддир. Биз Қирғизистон расмийларини ушбу фундаментал халқаро тамойилларга тўлиқ риоя қилишга чақирамиз”, — дейилади Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги делегацияси баёнотида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус маърузачиси Мери Лоулор аввалроқ Қирғизистон ҳукуматини Темировни чиқариб юборишни тўхтатишга чақирган эди. Лоулор суднинг журналистни чиқариб юбориш ҳақидаги қарорини унинг коррупцияга қарши кураши учун «қасос»и деб тахмин қилди.

“Эшитишимча, суд Болот Темировнинг жиноий ишини апелляция тартибида кўриб чиқиб, уни Қирғизистондан Россияга депортация қилишга қарор қилган. Журналистнинг чиқариб юборилиши уни хавф остига қўяди ва менимча, унинг коррупцияга қарши кураши учун қасосдир”, деб ёзган БМТ махсус маърузачиси.

“Қирғизистон фуқароси ва Марказий Осиёнинг коррупция бўйича энг яхши тадқиқотчи журналисти Болот Темировнинг депортация қилиниши ўта масъулиятсиз ва қасоскор ҳаракат бўлиб, Россия Украина билан урушга сафарбар этаётган бир пайтда унинг ҳаётига хавф туғдириши мумкин”, - дейди Гулноза Саид, Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси (SPJ) Европа ва Марказий Осиё бўйича дастур координатори.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти Қирғизистон президенти Садир Жапаровни Темировни чиқариб юборишни тўхтатишга чақирди.

Бир кун аввал, 23 ноябрь куни Бишкек шаҳар суди Свердловск тумани прокуратурасининг биринчи инстанция ҳукми устидан берган шикоятини кўриб чиқиб, Болот Темировни Қирғизистондан чиқариб юборишга қарор қилди. Журналист суд залидан мажбуран чиқариб юборилган, шундан сўнг у Москвага депортация қилинган.

XS
SM
MD
LG