Ссылки доступа

Бишкекда биринчи Халқ Қурултойи бўлиб ўтди


25 ноябрь куни Бишкекда биринчи Халқ Қурултойи ўз ишини бошлади. Миллий филармонияда ўтказилаётган тадбирда 1072 нафар делегат иштирок этмоқда.

Ташкилий қўмита раҳбари, давлат котиби Суюнбек Касмамбетов ўз нутқида қурултой делегатлари Президент Садир Жапаров, Жўқорғи Кенеш депутатлари ва Вазирлар Маҳкамаси аъзолари иштирокида бир қатор масалаларни муҳокама қилишини таъкидлади.

Қурултой иштирокчилари оқсоқоллар кенгаши таркибини тасдиқлади ва Қодир Қўшалиев раис этиб сайланди.

16 август куни Президент Садир Жапаров жорий йилнинг 25 ноябрига “Халқ қурултойини чақириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. 2021 йил 5 майдан кучга кирган янги Конституцияга халқ қурултойи тўғрисидаги норма киритилди. Бу институтнинг пайдо бўлиши Қирғизистонда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Президент маъмуриятининг билдиришича, халқ қурултойи маслаҳат, назорат йиғилиши сифатида жамиятни ривожлантириш йўналишлари бўйича тавсиялар беради. Президент Садир Жапаров қурултойда ҳокимиятнинг барча бўғинлари йил давомида амалга оширган ишлари юзасидан кенг жамоатчиликка ҳисобот беришини, қурултойда билдирилган таклифларни тинглашини таъкидлади.

Жогорку Кенешнинг айрим депутатлари парламент функцияларини такрорлаб, қурултой институтини ноқонуний деб атайди. Шунингдек, депутатлар президентнинг қурултой тайинлаш тўғрисидаги фармонини аввалроқ парламент “Халқ қурултойи тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини қабул қилмагани сабабли ноқонуний деб ҳисобламоқда.

XS
SM
MD
LG