Амид Алифшоев ўтган ҳафта Москвадаги ижарага олинган хонадонда ниқобли, камуфляж кийимидаги шахслар томонидан қўлга олинган.
“Улар Алифшоевнинг уйига бостириб кириб, уни ўзлари билан олиб кетишди. Бир неча кундан кейин Амиднинг ўзи оиласига қўнғироқ қилиб, аэропортда эканини ва Тожикистонга экстрадиция қилинишини кутаётганини айтди”, — деди исмини ошкор қилишни маъқул кўрган манбалардан бири.
Россия ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ТБМВда туғилган Амид Алифшоевнинг ҳибсга олинишига изоҳ бермаяпти.
Амид Алифшоевнинг яқин қариндошлари унинг ҳибсга олиниши ва депортация қилиниши сабабларини билишмайди. “У нимада айбланмоқда, қайси суд уни Тожикистонга экстрадиция қилишга қарор қилган, биз билмаймиз”, дейди улар.
Амид Алифшоев, яқинларининг айтишича, Тожикистонни беш йил аввал тарк этган ва шу йиллар давомида Россия пойтахтида яшаб, ишлаб келган. “Унинг ҳеч бир ижтимоий тармоқларда саҳифаси йўқ эди, шунинг учун уни тожик расмийлари сиёсатига қарши чиқди дейиш аҳмоқлик”, - дейди Амид Алифшоевнинг яқинларидан бири.
Pamir Daily News интернет портали аввалроқ сўнгги олти ой ичида Россияда камида 20 нафар Тоғли Бадахшон фуқароси ўғирлаб кетилиб, Тожикистонга олиб кетилгани ҳақида ёзган эди. Уларнинг бир қисми Тожикистон ва Россия Федерациясининг икки фуқаролигига эга.
Газетанинг ёзишича, 17 ноябрь куни Хоруғлик, Толиб Аёмбековнинг шерикларидан бири саналган Фируз Мамадёрбеков Санкт-Петербургда ўғирлаб кетилган. 22 ноябрь куни собиқ қўмондон Толиб Аёмбеков Тожикистон Олий суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Тожикистон расмийларининг айтишича, ТБМВ фуқаролари Россиядан ватанига ўз хоҳишлари билан қайтган. Бироқ қўлга олинганларнинг яқинлари уларнинг барчаси Россия ва Тожикистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганини даъво қилмоқда.