Ссылки доступа

Нукус воқеаларида айбланувчиларнинг асосий қисми айбига тўлиқ иқрор бўлди


Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган воқеалар юзасидан душанба куни Бухоро вилояти судида ўтган суд мажлисида гумондорларнинг бир қисми айбига тўлиқ иқрор бўлди, қолганлари эса қисман тан олди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Судга Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ебулай Абибуллаев раислик қилмоқда. Жараён тўлиқ қорақалпоқ тилида бўлиб ўтмоқда — судья мазкур тилда ишни олиб бормоқда, прокуратура вакиллари ҳам айбловни қорақалпоқчада ўқиб эшиттирди, судланувчилар ҳам шу тилда жавоб бермоқда.

Аввалроқ 22 айбланувчининг ҳар бирига қўйилган айбловлар рўйхатини, уларнинг иш жойлари ёки фаолият тури тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек прокуратура томонидан қўйилган айбловларнинг қисқача тавсифини эълон қилгандик.

Судья ҳар бир судланувчидан айблов тушунарли ёки йўқлигини, қолаверса, ўз айбига иқрорлигини сўради.

Судланувчиларнинг асосий қисми айбига тўлиқ иқрор бўлди.

1-2 июль куни юз берган ва зўравонликларга айланиб кетган намойишлар чоғида, расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган.

Намойишчилар Ўзбекистон конституциясининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқиши ҳуқуқига доир моддалар бекор қилинишидан норозилик билдиришган.

Ҳьюман Райтс Уотч (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбек хавфсизлик кучлари Нукусдаги намойишларни бостириш чоғида "ҳаддан ташқари куч қўллагани"ни айтган.

28 ноябрь куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси суд жараёнини яқиндан кузатаётганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини очиқликни таъминлаш ва хавфсизлик кучлари қонунларни бузган бўлса, уларни жавобгарликка тортишга чақирди.


XS
SM
MD
LG