Ссылки доступа

Россия бош вазири Ўзбекистонга келади


Россия бош вазири Михаил Мишустин 1-2 декабрда Ўзбекистонга келиши тўғрисида Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонасига таянган ҳолда Podrobno.uz хабар берди.

Хабарда айтилишича, Мишустин Самарқандда ўтадиган Россия-Ўзбекистон бизнес-форумида иштирок этади. Мазкур тадбирда Ўзбекистон делегациясига бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади.

Форумда транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, икки мамлакат кичик ва ўрта бизнес ҳамкорлиги каби масалалар муҳокама қилинади.

Аввалроқ Москвадаги “РИА Новости” агентлиги 28 ноябрда Москвага борган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкасби Владимир Путин билан музокаралар ўтказгани ва шундан сўнг Мишустин билан учрашгани ҳақида хабар тарқатган эди.

“РИА Новости”нинг ёзишича, Тоқаев Мишустин билан учрашувда Россия ва Ўзбекистон билан уч томонлама “қандайдир иттифоқ тузиш” масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.

“Бугун Владимир Владимировчи билан биз қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклиги тўғрписида гаплашдим ва у Ўзбекистон президентига телефон қилмоқчи”, деб иқтибос келтиради Тоқаев сўзларидан агентлик.

Бироқ Тоқаевнинг матбуот хизмати сайтида ҳам, Кремль сайтида ҳам бу борада бирон маълумот берилмади.

XS
SM
MD
LG