Ссылки доступа

Олмаотада ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаолнинг яқинлари уни уй қамоғига чиқаришни сўрашмоқда


Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шу йил 16 сентябрь куни ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаол Раиса Худайбергенованинг қариндошлари уни уй қамоғи чиқаришни сўрашяпти. Фаол аёл “Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз”да айбланмоқда.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси матбуот марказида 28 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда қорақалпоғистонлик фаолнинг қизи Гулжайна Сапарниязова онасига ёрдам бериш илтимоси билан қозоқ расмийларига мурожаат қилган - у соғлиғи ёмонлашгани Раиса Худайбергеновани ҳибсхонадан озод қилишни сўраган.

“Мен ҳеч бўлмаганда эҳтиёт чорасини уй қамоғига алмаштиришни сўрайман. Биз унинг соғлиғидан жуда хавотирланяпмиз. Онамнинг саломатлиги исталган вақтда ёмонлашиб кетиши мумкин. У иккинчи гуруҳ ногирони”, деган Гулжайна Сапарниязова.

У бу борада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсеновага хат йўлланганини маълум қилган.

Раиса Худайбергенова дохил қорақалпоғистонлик тўрт нафар фаол Нукус шаҳрида шу йил июль ойи бошида рўй берган воқеаларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олингани айтилади.

Аввалроқ Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти қозоқ расмийларини Олмаотада қўлга олинган қорақалпоғистонлик фаолларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган эди.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Бунинг ортидан 500 киши қўлга олинган.

XS
SM
MD
LG