24 ноябрь ҳолатига 474 нафар қарз олувчи ариза билан мурожаат қилган бўлиб, натижада 19 миллион 538 минг сомлик 287 та кредит ҳисобдан чиқарилди ва 36 миллион 487 минг сомлик 155 та кредит таркибий тузилмаси ўзгартирилди.
Миллий банкнинг қўшимча қилишича, молия-кредит ташкилотлари барча келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқмоқда ва тегишли чоралар кўради.
14—17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида жиддий қуролли тўқнашув содир бўлди. Тўқнашувлар натижасида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши жароҳатланди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 130 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. 18 сентябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Тожикистонни қуролли босқинчилик ҳаракатида айблади. Тожикистон томонидан Қирғизистонга ҳам худди шундай айбловлар қўйилган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. Озоди радиоси ўз манбалари маълумотларига таянган ҳолда 81 нафар ҳалок бўлган тожикистонликларнинг рўйхатини эълон қилди ва Тожикистон билан чегарадош қишлоқлар, дўконлар ва уйлардаги қурбонлар ҳақида ёзди. Тожикистон томондан жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Комиссия хулосасига кўра, моддий зарар, дастлабки маълумотларга кўра, 3 миллиард 130 миллион сомни ташкил қилган. Вазирлар Маҳкамаси зарар кўрган ҳудудларни тиклаш учун 6 миллиарддан 8,5 миллиард сомгача маблағ ажратилишини маълум қилди.