Ссылки доступа

Хоруғда собиқ амалдор Тохир Абдолбеков экстремизмда айбланиб ҳибсга олинди


Тохир Абдолбеков
Тохир Абдолбеков

Фуқаролик фаоли Ораз Вазирбековнинг яқин қариндоши, Хоруғ уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси собиқ раҳбари Тохир Абдолбеков экстремизмда айбланган. Бу ҳақда унинг яқинлари хабар берди. Абдолбеков бир ҳафта аввал Хоруғда қўлга олинган.

Тоҳир Абдолбековнинг яқин қариндошлари Хоруғнинг собиқ уй-жой коммунал хўжалиги раҳбари, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти мажлисининг собиқ депутати “Алим Шерзамонов билан ҳамкорликда” ва “Мамадбокир Мамадбокиров хотирасини ёд этишни ташкил қилишда” гумон қилинаётгани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ Тохир Абдолбеков ТБМВдаги намойишчиларга моддий ёрдам кўрсатишда гумон қилинаётгани хабар қилинганди.

28 ноябрь куни ҳибсга олинган собиқ амалдорнинг яқинларидан бири Абдолбековнинг баъзи қариндошлари Хоруғ прокуратурасига чақирилганини ва унинг Алим Шерзамонов билан алоқалари ҳақида сўраганини айтди.

“Абдолбековнинг ўзи терговчилар ва яқинларига ўзига қўйилган экстремизм айбловини тан олмаслигини ва жиноят иши бўйича адолатли тергов ўтказилишини талаб қилишини айтди”, - дейди исми сир қолишни маъқул кўрган манбамиз.

Терговчилардан изоҳ олишга уринишларимиз бесамар кетди. ТБМВ ҳукумати (маъмурияти) вакили 21 ноябрь куни Озоди радиосига Тохир Абдолбековнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади, бироқ бу ҳақда маълумот беришдан бош тортди.

Тожикистондан ташқаридаги тўртта мухолифат гуруҳини ўз ичига олган НАТ раиси ўринбосари Алим Шерзамоновнинг айтишича, Тохир Абдолбеков унинг сиёсий рақиби ва у билан ҳамкорлик ҳақида гап йўқ.

“Тохир Абдолбеков ҳукуматдаги Тожикистон Халқ демократик партияси аъзоси, мен эса мухолифатдаги Тожикистон Социал-демократик партияси раиси ўринбосари эдим. Биз сайловда рақиб бўлганмиў. У ТБМВ мажлисига депутат этиб сайланганидан кейин муносабатларимиз ёмонлашди. 2015 йилдан бери у билан гаплашмадик”, деди Шерзамонов 28 ноябрь куни Озоди радиоси билан телефон суҳбатида.

Тохир Абдолбеков судланган фуқаролик фаоли ва Москвадаги помир диаспораси етакчиларидан бири Ораз Вазирбековнинг куёви (синглисининг эри). 5 ноябрь куни Душанбе шаҳар суди Ораз Вазирбековни экстремизм ва интернет орқали конституциявий ҳукуматни ағдаришга чақиришда айбдор деб топиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Жорий йилнинг май ойида Бадахшонда ўнлаб фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишлари ва тартибсизликлардан сўнг Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари юзлаб одамларни, жумладан, Бадахшон фуқаролик жамияти фаолларини ушбу тартибсизликларни қўзғатганликда айблаб, ҳибсга олди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистон ҳукуматини бундай хатти-ҳаракатлари учун кескин танқид қилмоқда. Хусусан, Human Right Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тожикистон ҳукуматига Тоғли Бадахшон аҳолисини ноқонуний ҳибсга олиш ва адолатсиз судловларни тўхтатишни сўраб мурожаат қилган.

XS
SM
MD
LG