Ссылки доступа

Жапаров ўзбек-қирғиз чегараси ва Кампиробод сув омборига оид шартномалар ратификацияси тўғрисидаги қонунларни имзолади


Қирғизистон президенти Садир Жапаров 29 ноябрь куни ўзбек-қирғиз чегарасининг айрим участкалари делимитациясига оид шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборига оид битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни имзолаган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур қонун лойиҳалари 14 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, 17 ноябрь куни Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши, 18 ноябрь куни эса Ўзбекистон Сенатида муҳокама қилиниб, маъқулланган.

Қонун лойиҳалари ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан шу йил 3 ноябрида Бишкек шаҳрида имзоланган.

Қирғизистон президенти маъмурияти қайдича, биринчи қонун билан ўзбек-қирғиз чегарасининг 302,29 километрга узанган участкаларига аниқлик киритилган. Иккинчи қонунга мувофиқ, томонлар Андижон (Кампиробод) сув омбори сув заҳираларини биргаликда бошқаришга келишишган.

Сешанба куни Жапаров томонидан қонунлар борасидаги турли талқинлар аввалроқ Қирғизистондаги фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик кайфиятини уйғотган. Бунинг ортидан расмийлар 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” гумони билан ҳибсга олишган.

Қонунлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган-имзоланмагани хусусида ҳозиргача бирор расмий маълумот берилган эмас.

XS
SM
MD
LG