Дума хабарномасида айтилишича, Володин Европа учун бунақа “стратегик ҳамкорлик” иқтисодиётдаги муаммолар билан тугаганини урғулаган.
“Бу ерда оқил, саводли одамлар яшайди – улар бунақа муждалар нималарга олиб бориши мумкинлигини тушунишади”, дея қўшимча қилган Россия думаси спикери АҚШ вакилларининг минтақага тез-тез сафар қилаётгани юзасидан изоҳ бераркан.
Володин бошчилигидаги Россия парламент делегацияси 28 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилингани ҳақида аввалроқ президент матбуот хизмати ҳам маълумот тарқатган эди. Бироқ мазкур хабарномада россиялик спикер ўзбекистонлик расмийларни АҚШ билан ҳамкорлик оқибатларидан огоҳлантиргани ҳақида бирор оғиз гап йўқ.
Президент матбуот хизмати қайдича, қабул чоғида икки мамлакат ўртасидаги “стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган”.
Айни пайтда Володиннинг Ўзбекистон билан АҚШ орасидаги ҳамкорликка оид таҳдидлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Тармоқ фойдаланувчилари ичида кўпчилик спикернинг бу гапларини суверен давлат ишларига ўринсиз аралашув сифатида баҳолашмоқда. Дейлик, бу борада мулоҳаза билдирган блогер Никита Макаренко Россия қуйи палатаси раисининг ўзбекистонликларга “қандай яшашни ўргатаётгани” ўзига ёқмаганини яширмаган.
“Сен аввало ўзларингиз Украина ва Россияда миллионлаб оила ҳаётини қандай барбод қилганингиз ҳақида ўйласанг яхши бўларди, володин. Вайрон қилдингиз, ўлдирдингиз, уларни келажагидан маҳрум қилдингиз”, деб ёзган Н. Макаренко.