Ссылки доступа

Тожикистонда журналист Пирмуҳаммадзоданинг иши бўйича суд жараёни тўхтатилди


Абдусаттор Пирмухаммадзода. Архивное фото

Душанбе шаҳрининг Исмоилий Сомоний тумани суди журналист ва блогер Абдусаттор Пирмуҳаммадзодага нисбатан ишни кўриб чиқишни тўхтатди.

Судья Тожикистон Бош прокуратурасидан судланувчининг Ваҳдат шаҳар милиция бўлимида қийноқлар қўллангани ҳақидаги баёнотини текширишни сўради, деди манба. Таниқли блогер тергов изоляторидан йўллаган хатида ва суд жараёнида руҳий ва жисмоний босим остида айбига иқрор бўлганини айтди.

Исмоилий Сомоний туман судидаги исмини ошкор қилмаслик шарти билан 29 ноябрь куни Озоди радиосига интервю берган манбанинг айтишича, судланувчи Абдусаттор Пирмуҳаммадзоданинг баёнотини текшириш ўтган ҳафта ўрталарида бошланган. Унинг сўзларига кўра, Абдусаттор Пирмуҳаммадзода суд жараёнида Ваҳдат Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан қўлланилган қийноқлар ҳақида бир неча бор таъкидлаган. “Шу муносабат билан судья Бош прокуратурадан судланувчининг қийноқлар ҳақидаги баёнотини текширишни сўради. Суд жараёни кейинга қолдирилди. Прокуратура терговчиларининг хулосасини олгач, ишни кўриб чиқиш давом эттирилади”, — дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

Блогернинг укаси Абдукарим Пирмуҳаммадзода 29 ноябрь куни Озоди радиоси билан телефон орқали суҳбатда яқинлари ва дўстлари Тожикистон Бош прокуратураси терговчилари томонидан блогернинг қийноққа солиниши фактлари бўйича холис ва адолатли тергов ўтказилишини кутишаётганини айтди.

Абдусаттор Пирмуҳаммадзода тергов изоляторидан йўллаган мактубида ҳибсга олинган биринчи кунданоқ “шафқатсиз қийноқлар”га учраганини таъкидлаган. “Яшашни хоҳламаслик учун мени калтаклашди ва электр токи уришди”, деб ёзади блогер.

19 октябрь куни терговга яқин манба Озоди радиосига блогернинг полиция бўлими ва тергов изоляторидаги сўроқ пайтида қийноқлар ва калтаклангани ҳақида ёзган хати нусхасини топширди.

8 июль куни 44 ёшли блогер Абдусаттор Пирмуҳаммадзода Ваҳдат шаҳридаги Ички ишлар вазирлигига сўроққа чақирилган ва шундан сўнг яқинлари уни бошқа кўришмаган.

Тергов изоляторидан йўллаган мактубида блогер ҳибсга олинган биринчи кунданоқ “шафқатсиз қийноқлар” ва руҳий босимларга дучор бўлгани, милиция ходимлари ва терговчилар уни сохта айбловларни бўйнига олишга мажбур қилишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.

Сўнгги олти ой ичида Тожикистонда етти нафар блогер ва журналист ҳибсга олинган. Улардан тўрт нафари 7 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга қамалган. Суд жараёнлари ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Журналистлар қасддан ёлғон маълумот тарқатиш, экстремистик уюшмада қатнашиш, мамлакатда тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорликда айбдор деб топилди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан ЕХҲТ журналистларнинг ҳибсга олинишини қоралаб, Тожикистон ҳукуматини сўз эркинлиги соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришга, журналистларга нисбатан таъқиблар, таҳдид ва босимларни тўхтатишга чақирди. Душанбе бу чақириқларга жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG