Ссылки доступа

Медербек Алиев “Кампиробод бўйича савол” туфайли парламент қўмитаси раҳбари лавозимини тарк этди


Жогорку Кенеш депутати Медербек Алиев Жогорку Кенешнинг Конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва регламенти қўмитаси раиси лавозимини тарк этди.

Бу ҳақда депутат 30 ноябрь куни парламент йиғилишида маълум қилди.

“Ҳар бир сиёсатчи изчил сиёсат олиб бориши, сайловчиларга нима учун муайян қадамлар қўйганини тушунтириши керак. Бу қарорни ўзим қабул қилдим, ҳеч ким мажбурламади. Тафсилотларга тўхталмасдан, қисқача айтаман, бунга Кампиробод масаласи сабаб бўлган”, — деди Алиев.

Жогорку Кенеш 17 ноябрь куни Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани ва Кампиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаларини уч ўқишда маъқуллади. Ҳужжатларни 64 депутат қўллаб-қувватлади, 19 нафари қарши овоз берди. Баённомага кўра, овоз бериш вақтида Медербек Алиев бўлмаган.

Парламентнинг 24 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида депутат Элвира Сурабалдиева Кампиробод сув омбори бўйича келишувни қўллаб-қувватламаган депутатлар таҳдид ва тазйиқларга учраганини айтди. Айрим депутатлар Омурбек Бакировнинг ишхонасидан чиқариб юборилиши ва Эмил Жамғирчиевнинг чегарада қўлга олинишини депутатларнинг Кампиробод сув омбори масаласидаги позицияси билан ҳам боғламоқда.

«Альянс» фракцияси етакчиси Жанарбек Акаев 30 ноябрь куни Жогорку Кенеш йиғилишида ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан депутат Эмил Жамғирчиевнинг Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида ҳибсга олиниши сабаблари ҳақида маълумот талаб қилди.

У Жомғирчиевга нисбатан жиноий иш қўзғатилишига ҳаракат қилинаётганини айтиб, бир кун аввал депутатнинг машинаси ва уйидан тинглаш мосламалари топилганини айтди.

“26 ноябрь куни кечқурун «Альянс» фракциясининг икки депутати Жамғирчиев ва Айдарбеков чегарани кесиб ўтаётганида, Жамғирчиев ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланиб, Бишкекка олиб кетилган. Бу қонунни, Конституцияни, унинг хорижга чиқиш ҳуқуқини бузишдир. Бу ҳаракатларини унинг Кампиробод сув омбори бўйича келишувга қарши овоз бергани билан боғлаймиз. 2018 йилда жиноий иш қўзғатилди, ҳар учала инстанция ҳам уни оқлади, аммо ҳозир ишни қайта очишга уринишлар бор. Кеча Эмил Жамғирчиевнинг машинасида ва уйида аудио ва видео ёзиб олувчи қурилмалар топилган”, — деди Акаев.

XS
SM
MD
LG