Ссылки доступа

«Ислом давлати» лидери ҳалок бўлганини ва янги раҳбар тайинланганини билдирди


Кўп давлатларда террорчи гуруҳ сифатида тан олинган «Ислом давлати» 30 ноябрда ўз лидери Абу Хасан ал Хошими ал Қураший ҳалок бўлганини билдирди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, «Ислом давлати»га алоқадор ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда Қураший жангда ҳалок бўлгани айтилган. У қаерда ва қачон ҳалок бўлгани маълум қилинмаган. Гуруҳнинг янги раҳбари сифатида Абу ал Хусайн ал Хусайни ал Қураший номи айтилди. «Ислом давлати» тарқатган маълумотларда мазкур шахс собиқ етакчига қариндош экани ёки эмаслиги билдирилмади.

Бу билан «Ислом давлати»нинг раҳбарлари тўрт марта ўзгарди. Абу Бакр ал Бағдодий ва Абу Иброҳим ал Хошимий ал Қураший АҚШ ҳарбийлари ўтказган махсус амалиётлар пайтида отиб ўлдирилганди. Абу Иброҳим ал Ҳошимий ал-Қураший ўлдирилганини 2022 йилнинг 3 февралида АҚШ президенти Жо Байден маълум қилган.

АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги “Ислом давлати”нинг учинчи лидери Суриянинг Дара вилоятида президент Башар Ассад режимига қарши бўлган Озод Сурия армияси билан бўлган жанг пайтида ҳалок бўлганини билдирди.

«Ислом давлати» 2010 йиллар ўрталарида Ироқ ва Сурияда анчагина ҳудудни ўз назоратига олган эди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари, Ироқ, Туркия армиялари ва Россия томонидан дастакланган Сурия ҳукумат кучлари “Ислом давлати” гуруҳини мағлуб этди. Айни пайтда гуруҳ бирон бир ҳудудни назорат қилмайди.

XS
SM
MD
LG