Ссылки доступа

Россия бош вазири Михаил Мишустин Самарқандга етиб келди


Россия бош вазири Михаил Мишустин 1 декабрь куни хизмат сафари билан Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрига келган.

Россия нашрлари хабарига кўра, Мишустиннинг Ўзбекистондаги сафар дастури 2 декабрдан бошланади. Кун тартибига мувофиқ, у жума куни ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан биргаликда икки томонлама ҳукуматлараро комиссияси мажлисини ўтказади.

Йиғилишда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга оид долзарб масалаларини муҳокама қилиш режалангани айтилган.

“Асосий эътибор савдо-иқтисодий, ишлаб чиқариш, энергетика, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилади”, дейилган Россия ҳукумати матбуот хизмати хабарномасида ҳукуматлараро мажлисда “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида тузилажак газ иттифоқи” ҳақида муҳокама бўлиш-бўлмаслиги ҳақида бирор маълумот берилган эмас.

“Уч томонлама газ иттифоқи” тузишга оид таклиф Россия президенти Владимир Путин томонидан 28 ноябрь куни Москвада Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев билан бўлиб ўтган учрашувда илгари сурилган эди. Иттифоқни тузишдан мақсад газ транспортировкасини мувофиқлаштириш экани айтилган. Бу таклифни Тоқаев маъқуллаган, бироқ кейинроқ зарур натижаларга эришиш учун Қозоғистон томони “масаланинг моҳиятига шўнғиб кўриши” лозимлигини қайд этган.

Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги комиссиянинг аввалги мажлиси 2021 йилнинг 22 июнида Москвада бўлиб ўтган эди.

Бу гал Самарқандда учрашадиган бош вазирларнинг 2 декабрдаги кун тартибидан Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми ялпи мажлисида чиқиш қилиш ҳам ўрин олган.

Мазкур форумдан Россиянинг 150 та ширкат, ташкилот ва ассоциациясидан 360 дан зиёд одам иштирок этиши билдирилган.

XS
SM
MD
LG