Ссылки доступа

Тошкентда автомобилга газ тўлдирувчи шохобчалар вақтинча ёпилмоқда


Тошкентда автомобилга газ тўлдирувчи шохобчалар вақтинча ёпилиши тўғрисида пойтахт ҳокимияти 4 декабрь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, бунга газ босимининг пасайиб кетгани, “коммунал хизматлар мавжуд газ захирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаётгани” сабаб бўлган.

“Иложи борича кўпроқ хонадонларни газ ва иссиқлик билан таъминлаш мақсадида, жамоат транспорт воситаларига хизмат кўрсатадиган шоҳобчалардан ташқари, қолган барча автомобилларга газ қуйиш шоҳобчалари вақтинчалик ёпилмоқда”, дейилади хабарда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда газ заправкалари фаолияти бир неча кунга мутлақо тўхтатилиши тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Бироқ 4 декабрь куни«Ҳудудгазтаъминот» бу хабарларни рад этган ва аҳолини бу каби гапларга ишонмасликка чақирган эди.

“Ўзтрансгаз” 9 ноябрдан об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланиши ҳақида билдирганди.

Ҳудди шу куни Энергетика вазирлиги ҳам совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

XS
SM
MD
LG