Аввалроқ Путин Қозоғистон ва Ўзбекистонга уч томонлама газ иттифоқи тузишни таклиф қилгани хабар қилинганди. Шу тариқа Кремль халқаро ҳамжамият томонидан Украинага тажовузи туфайли жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиб, ўз газини бошқа мамлакатларга сотишни режалаштиргани тахмин қилинмоқда.
Айни дамда расмий Тошкент Владимир Путиннинг “газ иттифоқи” масаласидаги таклифига на розилик берди, на уни рад этди. Айрим экспертлар ушбу таклиф Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасига рахна солиш мақсадида қилинган бўлиши мумкин, дейишмоқда.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Роман Василенко мамлакат халқаро муаммоларни ҳал қилиш усули сифатида санкциялар қўллашни қўллаб-қувватламаса-да, Қозоғистонни ҳеч бир давлатга халқаро санкцияларни четлаб ўтиш учун ўз туйнугига айлантиришга йўл қўймаслигини билдирди.
“Унинг ("газ иттифоқи"нинг -таҳр.) мазмунини ҳозирча муҳокама қилиш эрта, чунки у аллақандай ғоя, холос. Аммо Қозоғистоннинг принципиал позицияси шундан иборатки, Қозоғистон ўз ҳудудидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга йўл қўймайди. Бу позициялар ўзгармасдан қолган ва келажакда улар ҳар қандай янги ташаббусларни баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилади”, — деди қозоқ расмийси.
Василенкога кўра, Украина можаросининг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакат ҳукуматида комиссия тузилган бўлиб, унинг вазифаси вазиятнинг Қозоғистон иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш ва санкцияларни четлаб ўтиш учун мамлакат ҳудудидан фойдаланишнинг олдини олишдир.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга кўра, 28 ноябрь куни Кремлда ўтган музокараларда Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан иборат “уч томонлама газ иттифоқи”ни тузишни таклиф қилган. “Умуман олганда биз тайёр, нимага йўқ дейишимиз керак” дея сўз бошлаган Тоқаев кейинроқ фикрини бироз ўзгартирди.
- Владимир Владимирович бугун қандайдир уч томонлама иттифоқ яратишимиз кераклиги ҳақида сўзлади. Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилмоқчи. Исталган натижа ва келишувларга эришиш учун биз ҳам ушбу мавзуни чуқур ўрганишимиз керак - ҳеч бўлмаганда мен, бизнинг мутахассисларимиз ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Қозоғистонликлар фикрича, ушбу иттифоқ юридик нуқтаи назардан санкцияларни айланиб ўтишга имкон яратади, амалда эса Остонанинг Москвага қарамлигини оширади. Ҳозирча рус газининг қозоқлар ерларидан траспорт қилинишига Ғарб мамлакатлари қандай муносабат билдириши қоронғи, аммо мутахассислар бу ҳаракатлар АҚШ ва унинг иттифоқчилари порозилигини келтириб чиқариши аниқ, демоқда.
Путиннинг “газ иттифоқи”ни тузиш ғояси Россиянинг агрессив сиёсати туфайли Қозоғистонда аксилроссия кайфияти кучайиб бораётгани манзарасида содир бўлди.
Айни дамда Россиянинг Кремль назоратидаги оммавий ахборот воситалари “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ иттифоқчилиги” тўғрисида бонг ура бошлади.
Русларнинг “газ иттифоқи” тўғрисидаги баёнотларига расмий Тошкент ҳеч қандай муносабат билдирмаётган бўлсада, кузатувчилар охирги пайтларда Россия пропагандаси Ўзбекистон ва унинг сиёсий позициясига босимни кучайтирганига эътибор қаратмоқда.
Россия бош вазири Михаил Мишустин 2 декабрь куни Самарқандда ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан биргаликда икки томонлама ҳукуматлараро комиссияси мажлисини ўтказди. Унда икки давлат кўплаб соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олингани эътироф этилган бўлсада, мажлисда “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида тузилажак газ иттифоқи” ҳақида муҳокама бўлиш-бўлмаслиги ҳақида бирор маълумот берилмади. Бу эса саволларни янада кўпайтирди.
Икки ҳукумат раҳбарлари ўртасида имзоланган ҳужжатлар орасида ҳам газ соҳасидаги бундай ҳамкорлик борасида сўз юритилмаганини кўриш мумкин.
Расмий Тошкент Путин ҳукуматининг бундай баёнотларига бирор кўринишда муносабат билдирганича йўқ.