Ссылки доступа

Мирзиёев Конституция куни муносабати билан 400 дан зиёд маҳкумни афв этишга оид фармонни имзолади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Конституция қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 402 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Президент матбуот хизмати томонидан мазкур фармонга берилган шарҳда афв этилган шахсларнинг 128 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниши, 201 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши, 15 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилиши, умумий ҳисобда 223 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинаётгани, 121 нафар шахс пробация органлари назоратидан чиқарилаётгани айтилган. Шунингдек, 58 нафар шахсга тайинланган қамоқ жазолари муддати қисқартирилиши қайд этилган.

Фармон билан афв этилганларнинг 17 нафарини чет эл фуқаролари, 26 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 63 нафарини аёл ҳамда 19 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Конституция куни арафасида Ш. Мирзиёев афв тўғрисида фармон имзолагани ҳақида аввалроқ президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов Газета.uz нашрига маълум қилган эди.

Ўзбекистонда ҳар йили Конституция куни муносабати билан “тузалиш йўлидаги” маҳкумларни афв қилиш одат тусига кирган. Ўтган 2021 йилда президентнинг афв фармони билан 182 нафар шахс муддатидан олдин қамоқдан озод қилинган эди. 2020 йили эса Ш. Мирзиёев 104 нафар фуқарони афв этишга оид фармонни имзолаган.

XS
SM
MD
LG