Ссылки доступа

АМТда яна бир ишчининг ўлими сабаб комиссия тузилгани эълон қилинди


8 декабрь куни АрселорМиттал Темиртау металлургия заводининг қўшимча кокс ишлаб чиқариши бўлимида ишчи ҳалок бўлди, деб хабар берди АМТ матбуот хизмати.

Inbusiness.kz сайти хабарига кўра, биринчи кокс цехининг иккинчи печи аккумуляторида 1982 йилда туғилган газчи Ф. юк ортиш машинасига урилган. Олинган жароҳатлар натижасида у воқеа жойида вафот этган.

АМТнинг хабар беришича, махсус комиссия тузилган, ўлим сабаблари ўрганилмоқда.

Қарағанда вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 156-моддаси 3-қисми (“Эҳтиётсизлик оқибатида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш”) билан тергов бошланган. "Ҳодиса жойида тергов гуруҳи ишламоқда. Вазият ўрганилмоқда", — дейилади полиция хабарида.

Заводдаги янги ҳалокат АМТ ўтган ой бошида Қарағанда вилоятидаги Ленин конида метан портлаши оқибатида кончиларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ тергов давом этаётган бир пайтда компания раҳбарияти ўзгарганини эълон қилганидан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтгач содир бўлди.

23 ноябрь куни ҳукумат комиссияси Қарағанда вилоятининг Шахтинск шаҳридаги “АрселорМиттал Темиртау” конида юз берган портлашда беш нафар кончи ҳалок бўлгани ва яна тўрт нафари жароҳатлангани бўйича терговни якунлаганини маълум қилди. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Илйиннинг маълум қилишича, “меҳнат қонунчилигини бузиш, шунингдек, саноат хавфсизлиги соҳасидаги қоидабузарликларга йўл қўйган” масъул шахслар доираси аниқланган. Бахтсиз ҳодисани тергов қилиш бўйича материаллар полиция ва прокуратурага ўтказилди.

Расмийларнинг хабар беришича, 26 кишига Қозоғистондан ташқарига чиқиш тақиқланган. Расмийлар, шунингдек, ҳозирча ҳеч қандай айблов қўйилмаганини айтди.

XS
SM
MD
LG