Ссылки доступа

Тожикистон қўшниларига 100 миллион долларлик электр энергияси сотди


Тожикистон жорий йилнинг ўн ойида 101 миллион доллар миқдорида электр энергияси экспорт қилди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга кўпдир.

Тожикистон Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, 2021 йилнинг 9 ойи давомида хорижга 91,3 миллион доллар миқдорида электр энергияси етказиб берилган.

Айни пайтда Тожикистон вилоятларида электр энергиясига лимит жорий қилинган. Охирги ҳафталарда айрим жойларда электр энергияси таъминоти тезлиги кунига 5 соатгача пасайтирилди.

12 октябрь куни “Барки тожик” давлат энергетика холдинги мамлакатда электр энергияси етказиб беришга чекловлар киритилганини тасдиқлади, бироқ айни пайтда бу зарур чора эканлигини таъкидлади. Компания баёнотида айтилишича, Нурек сув омбори энг юқори нуқтага тўлган бўлсада, баҳоргача сув етишмаслиги эҳтимоли бор. Бу ҳолат, “Барки Тожик” мутасаддиларининг фикрича, жорий йилда “1 миллиард кВт/соатдан ортиқ” электр қуввати тақчиллигига сабаб бўлган.

Тожикистон, тузилган шартномаларга мувофиқ, Афғонистон ва Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беради. Расмийлар куз-қиш мавсумида хорижда электр энергияси етказиб бериш қисқаришини маълум қилди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, октябрь ойида электр энергияси экспортидан тушган тушум сентябрь ойига нисбатан 1 миллион доллардан кўпроққа камайган.

Аввалроқ “Барки Тожик” компанияси Афғонистоннинг «Брешна» электр компанияси билан 2022 йилга мўлжалланган шартномага кўра, ёзда Афғонистон кунига 400 МВтгача, куз-қиш мавсумида эса 40 МВтгача қувват олиши ҳақида хабар берган эди.

Тожикистон Афғонистонга электр энергияси етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланади. Ва Душанбе Афғонистоннинг янги раҳбарияти сиёсатини танқид қилувчилардан бири бўлишига қарамай, ўтган йилнинг август ойида Толибон ҳокимият тепасига келганидан кейин Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш тўхтамаган. Тожикистон расмийлари Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш “ижтимоий хусусиятга эга” эканини айтади.

XS
SM
MD
LG