Ссылки доступа

Тhe Insider: Кремлга алоқадор олигархлар Латвияда бизнес қилмоқда


Кремлга алоқадор ва Россия Мудофаа вазирлигидан пудратларни олувчи рус миллиардерлари Искандар Маҳмудов ва Анедрей Бокарев шахсан ҳамда воситачилар ёрдамида Латвияда бизнес қилмоқда. The Insider ўтказган журналистик суриштурувда мана шу ҳақда гап боради.

Муаллифларга кўра, 2017 йилгача миллиардерлар “Калашников” концернида ўз улушларига эга бўлган, уларнинг “Коломенский завод”и Россия ҳарбий кемаларига дизель етказиб берган.

Уларнинг “Калашников” концернидаги бизнес ҳамкорларидан бири Алексей Криворучко айни пайтда мудофаа вазири ўринбосаридир.

Маҳмудов ва Бокаревнинг активлари орасида “Россиядаги энг йирик пудратчилардан бўлган” Уральск тоғ-металлургия ширкати, “Кузбассразрезуголь” ва “Трансмашхолдинг” ҳам бор.

Суриштирув муаллифлари Маҳмудов ва Бокарев Латвияда воситачилар тармоғи орқали Рига электромашинасозлик заводи (Rīgas elektromašīnbūves rūpnīca (RER)га ва унинг шўъбаси LATVOга эгалик қилишини билдирганлар. RERнинг 2021 йилдаги даромади 33 миллион евро бўлган.

Бу ширкат барча Европа давлатларида фаолият юритади ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади. Масалан, май ойида RER Чехияга троллейбуслар ва электробуслар учун янги двигателларни етказиб берган.

Европа минтақавий ривожланиш фонди ширкатга электромобилларга оид махсус лойиҳа доирасида 527 минг евро берган. Бундан ташқари завод Латвия ҳукуматининг тадбиркорларни қўллаш фондидан ҳам маблағ олиб турган.

The Insider суриштирувида Маҳмудов ва Бокарев заводни “Холдинг ТрансКомпонент” ва “Крона Груп” ширкатлари воситасида бошқариши қайд этилган. Номинал эгалар сифатида Россия фуқароси Игорь Лозовой ва Литва фуқароси Сергеюс Гречукас номлари келтирилади.

Суриштирувда айтилишича, Маҳмудов ва Бокарев пул ювишда гумонланган. Уларга нисбатан Германия ва Испанияда 2007-2008 йилларда бир нечта жиноят иши очилган.

Маҳмудов ва Бокарев Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилган.

XS
SM
MD
LG