Ссылки доступа

Қозоғистонга қочган россиялик майор депортация қилиниши кутилмоқда


Остона сентябрь ойида мобилизация бошланганидан кўп ўтмай Қозоғистонга қочган россиялик аскарга қочқин мақомини беришдан бош тортди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Украинага бостириб киришга қарши чиққан 36 ёшли майор Жилин сентябрь ойида “урушга жўнатилиши мумкинлиги аён бўлгач” чегарани кесиб ўтган, деб ёзади агентлик унинг рафиқаси Катеринага таяниб.

Reuters хабарига кўра, у Семейда “ноқонуний кириб келгани учун” қўлга олинган ва судланган. Суд уни олти ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди ва Россияга депортация қилиш ҳақида қарор чиқарди. Хабар қилинишича, Қозоғистон расмийлари унинг қочқин мақомини сўрашини рад этган. Жилин депортация қилинмаслик учун Остонадаги Канада консуллигида учрашувга ёзилишга уриниб кўрди, сўнгра Арманистонга учиб кетмоқчи бўлди, бироқ уни аэропортда қўлга олишди. Айни пайтда, Reuters агентлигига кўра, у ҳибс муддатини узайтириш бўйича суд қарорини кутмоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги журналистларга ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бермади. Жилиннинг адвокати телефон орқали изоҳ беришдан бош тортди, деб ёзади Reuters.

Россиялик ҳарбийнинг рафиқаси журналистларга "Россия раҳбариятининг Украинага нисбатан ҳаракатлари"га норози эканлиги ва ҳарбий хизматдан бўшатилган тақдирда ҳам унинг мамлакатни қонуний равишда тарк этиши мумкин эмаслиги ҳақидаги сўзларини айтди.

Шунингдек, у эри Россия қонунчилигини бузганликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида полициядан маълумотномани кўрсатди. Ҳужжатда Россия Федерацияси Жиноят кодексининг дезертирлик ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш бўйича моддалари мавжуд.

Журналист Евгения Балтатарова телеграмдаги каналида ёзганидек, гап 36 ёшли ФСБ майори ҳақида кетмоқда. Унинг сўзларига кўра, қочқин мақомини беришдан бош тортиш тўғрисидаги қарор ноябрь ойи охирида чиқарилган ва адвокатлар бунга эътироз билдирмоқчи. Журналистнинг сўзларига кўра, қўлга олинган шахс Остонадаги тергов изоляторига жойлаштирилган.

Собиқ Совет республикаси расмийлари Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бостириб киришини қораламади, бироқ Москва ҳаракатларини расман қўллаб-қувватламади. Қозоғистон шимолий қўшниси билан энг узун қуруқлик чегарасига эга ва Россия бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи, маркази Москвада жойлашган КХШТга яқин ҳарбий иттифоқнинг аъзоси.

Мобилизация эълон қилинганидан деярли икки ҳафта ўтгач, Россияни 700 мингга яқин одам тарк этди, уларнинг 200 минги Қозоғистонга кетди, деб ёзган эди Россиянинг Форбес нашри октябрь ойида. Ҳозирча қанча одам сайёҳлик мақсадида мамлакатни тарк этганини ҳисоблашнинг имкони йўқ.

Қозоғистон ички ишлар вазири Марат Ахметжанов сентябрь ойида Остона сафарбарликдан бўйин товлагани учун қидирувда бўлган россияликлар ватанида халқаро қидирувга берилган тақдирда экстрадиция қилишини айтган эди.

XS
SM
MD
LG