Ссылки доступа

Европа Иттифоқи Тоғли Бадахшондаги воқеаларни мустақил текширишга чақирди


ЕИ делегацияси Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги ўзгаришлар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун яратилган шароитлардан хавотир билдирди. Бу ҳақда ЕИ ва Тожикистон ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик Мулоқотнинг 13-раунди якунлари бўйича ЕИнинг Тожикистондаги делегацияси хабар берди.

7 декабрь куни Душанбеда бўлиб ўтган мулоқот чоғида Европа Иттифоқи 2021 йил ноябрь ва 2022 йил май воқеалари муносабати билан Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан жиддий хавотир билдирди ва мустақил тергов ўтказишга чақирди.

Ўтган йилнинг 25 ноябрь куни ТБМВ маъмурий маркази Хоруғ шаҳридаги вазият кучайиб кетган, хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган операция вақтида Роштқалъа туманида яшовчи Гулбиддин Зиёбеков ўлдирилган. Вилоят ҳокимлиги биноси олдида тўпланган аҳоли тўрт кун давомида Хоруғда норозилик намойиши ўтказган, ўшанда яна икки киши ҳалок бўлган. Жорий йилнинг 16 май куни бир гуруҳ ёшлар Зиёбеков ўлимида айбдорлар жазоланишини талаб қилиб, норозилик акцияси ўтказгач, Хоруғдаги вазият яна оғирлашди. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги аксилтеррор операцияси ўтказганини эълон қилди, унинг давомида Рушон туманида 40 га яқин одам ҳалок бўлди, 200 га яқин одам, жумладан ўнлаб фуқаро фаоллари ҳибсга олинди. Тожикистон расмийлари қўлга олинганларни “уюшган жиноий гуруҳ аъзолари” деб атайди.

Европа Иттифоқи 2021 йил ноябрь ва 2022 йил май воқеалари муносабати билан ТБМВдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан жиддий хавотир билдирди ва мустақил тергов ўтказишга чақирди, дейилади Европа Иттифоқининг Тожикистондаги делегацияси баёнотида.

Европа Иттифоқи, шунингдек, тожик расмийларини халқаро адолатли суд стандартларига риоя қилишга чақирди. Мулоқот давомида айрим алоҳида ҳолатлар муҳокама қилинди, дейилади ҳисоботда.

Сўз эркинлиги, офлайн ва онлайн ахборотдан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Европа Иттифоқи "журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва умуман фуқаролик жамияти учун иш муҳити борасида" хавотир билдирди. Ўтган етти ой ичида Тожикистонда камида 7 журналист ва блогер ҳибсга олинган, улардан тўрт нафари турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

“ЕИ бу йўналишдаги ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни олқишлади. Қийноқлар ва бошқа ноинсоний муомала шаклларининг олдини олиш, шунингдек, пенитенциар ислоҳотга келсак, томонлар камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳамда мустақил мониторинг тизими ва самарали суд назоратини яратиш заруриятини муҳокама қилдилар”, — деди Европа Иттифоқининг Тожикистон Республикасидаги делегацияси.

Мулоқот чоғида Тожикистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бошқа масалалар, жумладан, аёллар ҳуқуқлари, гендер асосидаги зўравонлик ва камситмаслик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотнинг навбатдаги босқичида Тожикистон делегациясига Тожикистон Президенти Ижроия аппарати Инсон ҳуқуқларини кафолатлаш бўлими бошлиғи Фируз Орзузода, Европа Иттифоқи делегациясига – Марказий Осиё бўлими раҳбари Дитмар Крислер раҳбарлик қилди.

Европа Иттифоқи Тожикистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи асосий донорлардан бири бўлиб, турли дастурларни молиялаштириш учун юзлаб миллион евро ажратган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бир неча бор Брюсселни молиявий ёрдам эвазига Душанбедан инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотларни ҳурмат қилишни талаб қилишга чақирган.

XS
SM
MD
LG