Ссылки доступа

Толибон Кобул марказига ўрнатган глобусда Ўзбекистон йўқ


Толибон ҳукумати Кобул марказига ўрнатган глобусда Афғонистон ҳудудига бошқа мамлакатлар ҳам қўшиб олинган. Глобусда Эрон, Покистон ва Марказий Осиё ҳудудлари Афғонистон сифатида кўрсатилган ва бу мамлакатнинг Қозоғистон билан умумий чегаралари пайдо бўлган.

Би-Би-Сининг хабар беришича, “Толибон глобуси”да Корея ва Дания оролга айланиб қолган, Туркия Европа қисмидан “мосуво бўлган”. Қатар, Эстония ва Тайвань эса глобусда умуман мавжуд эмас.

Ижтимоий тармоқларда “Толибон глобуси” танқид қилинмоқда. Фойдаланувчилар глобусни ишлаб чиққанларнинг “саводсизлиги”га алоҳида эътибор қаратишмоқда. Глобусни ясаган Истматуллоҳ Ҳабибий “Афғонистон картадан яққол кўриниб туриши учун” бошқа мамлакатларни ўз ватани таркибига “қўшиб юборгани”ни тан олди.

Толибон 2021 йилнинг 15 августида Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олган эди. Жаҳон ҳамжамияти Толибон ҳукуматини тан олган эмас.

Ўзбекистон ҳукумати Толибон билан расмий даражада мулоқот қилмоқда ва Афғонистонда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

XS
SM
MD
LG