Ссылки доступа

Нукус воқеаларини ўрганиш комиссияси Бош прокуратура эътиборини “ортиқча куч ишлатилгани”га қаратди


Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича Олий Мажлис томонидан тузилган мустақил комиссия Бош прокуратурадан тартибсизликларда гумонланиб қўлга олинганларга нисбатан “ортиқча куч ишлатилгани” юзасидан пайдо бўлган маълумотларга изоҳ беришни сўрамоқда. Бу борада Бош прокуратурага мурожаат жўнатилди.

Комиссиянинг 12 декабрда эълон қилган маълумотида айтилишича: “Мурожаатда оммавий тартибсизликларни содир бўлишида айбдор сифатида ҳибсга олинган 516 нафар фуқаро, ҳозирда иши судда кўриб чиқилаётган 22 нафар айбланувчи, ёпиқ муассасаларда вақтинча ушлаб турилган бошқа шахслар, маъмурий жавобгарликка тортилганлар, шунингдек, тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ахборот бериш сўралди”.

Билдирувда 12 декабрда бўлиб ўтган комиссия йиғилишида Бухоро вилоятида бўлиб ўтаётган Нукус воқеалари юзасидан суд мажлисида иштирок этган комиссия аъзоларининг фикрлари тинглангани қайд этилади.

“Суд-тергов жараёнлари иштирокчиларига оид якуний статистик ва таҳлилий маълумотлар очиқланиши билан, бу хақда Мустақил комиссия томонидан жамоатчилик хабардор этилади”, дейилади билдирувда.

Бухоро вилоят судида шу йил июлида Қорақалпоғистондаги намойиш ва зўравонликларга алоқадорликда айбланаётган 22 киши устидан суд 28 ноябрда бошланган эди.

Суд жараёнини жонли эфирда трансляция қилиш 5 декабрдан бошлаб вақтинча тўхтатилди. Бу судда гувоҳларнинг кўрсатма бериши билан боғлиқ.

Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 432-моддасига мувофиқ гувоҳлар бошқа гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитмаслиги ва мулоқот қилмаслиги лозим.

Суд трансляцияси тўхтатилишидан олдинроқ, асосий айбдор сифатида кўрилаётган судланувчи Даулетмурат Тажимуратов терговлар жараёнида қўлга олинганларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ва намойишга чиққанларни тарқатиш учун ўқотар қуролдан ўқ отилгани тўғрисида кўрсатма берган эди.

XS
SM
MD
LG