Ссылки доступа

Эронда яна бир намойишчи қатл этилди


Эронда қарийб уч ойдан бери мамлакатда давом этаётган норозилик намойишларининг яна бир иштирокчиси омма олдида осиб ўлдирилди. Эркак "Басиж" тузилмасининг икки аъзосини ўлдиришда айбланган.

Эронда мамлакатда қарийб уч ойдан бери давом этаётган намойишларнинг яна бир иштирокчиси қатл қилинди. 12 декабрь, душанба куни Мажидризо Раҳнавард Эрон шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида омма олдида осиб ўлдирилди.

Теҳронга кўра, ноябрь ойида бўлиб ўтган норозилик намойишлари чоғида Раҳнавард Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚК) бўйсунувчи «Басиж» ҳарбийлаштирилган гуруҳининг икки аъзосини пичоқлаб ўлдирган. Суд намойишчига айблов қўйиб, 29 ноябрь куни ўлимга ҳукм қилди.

Эрондаги оммавий норозилик намойишларининг биринчи иштирокчиси қатл этилгани 8 декабрь куни маълум бўлди. 23 ёшли рэпер Моҳсен Шекарий осиб ўлдирилгани хабар қилинди. Эрон инқилобий суди йигитни 25 сентябр куни Теҳрондаги Саттор Хон кўчасини тўсиб қўйишда иштирок этишда ва «Басиж» аъзосини пичоқлаганликда айбдор деб топди. Фаолнинг ўзи «қонуний жараёнсиз кўргазмали суд»дан сўнг ўлимга ҳукм қилинганини айтди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Эронни «ғайриинсонийликда» айблади. Унинг фикрича, Шекарий жирканч ва шошилинч суд жараёнида айбланиб, қатл этилган. Бироқ қатл таҳдиди «одамларнинг эркинликка бўлган иродасини бостира олмайди», деб ёзди у Twitter'да. Франция Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳукмни қоралади, Британия дипломатияси раҳбари Жеймс Клеверли эса дунё «Эрон режимининг ўз халқига қарши зўравонлик қилишига» кўзини юма олмаслигини билдирди.

Эронда оммавий намойишлар сентябр ойида, полиция томонидан қўлга олинган 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланди. Намойишлар 1979 йилдаги инқилобдан кейинги энг йирик шундай акцияга айланди – улар мамлакатнинг барча вилоятларидаги 160 та шаҳарни қамраб олди. Шунингдек, 61 хавфсизлик ходими ҳалок бўлгани хабар қилинган. Умуман олганда, ОАВ хабарларига кўра, Эрон суд тизими ҳозиргача намойишлар билан боғлиқ камида 25 кишини ўлимга ҳукм қилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, Эронда камида 470 намойишчи ўлдирилган, 18 мингдан ортиқ киши қўлга олинган.

XS
SM
MD
LG