Ссылки доступа

Тожикистон авиакомпаниялари ҚҚС тўлашдан озод қилинади


Тожикистон парламенти қуйи палатаси маҳаллий авиакомпанияларни ёнилғи, машина ва ускуналарни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилди.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида айрим депутатлар мамлакатда авиачипталар нархи асоссиз юқорилигича қолаётганини таъкидладилар. Расмийлар аввалроқ маҳаллий авиакомпаниялар чипталари нархининг юқорилиги самолёт ёқилғиси нархининг юқорилиги билан боғлиқлигини бир неча бор таъкидлаган.

Тожикистон молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода ўтган ҳафта парламент қуйи палатасида сўзлаган нутқида мазкур қонун лойиҳаси маҳаллий авиакомпанияларни мамлакатга ёқилғи-мойлаш материаллари, самолётлар, вертолётлар ва самолёт двигателларини олиб киришда ҚҚС тўлашдан озод қилишни назарда тутганини айтди.

Авиакомпанияларга имтиёзлар 2027 йилгача тақдим этилади. Ҳокимиятнинг мақсади авиация саноатини ривожлантириш ва бу борадаги хизматлар сифатини ошириш, деди Молия вазирлиги раҳбари.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида айрим депутатлар мамлакат авиация саноатидаги вазиятдан хавотир билдирди. Парламентнинг Иқтисодиёт ва молия қўмитаси раҳбари Маҳмадали Қурбонзода “маҳаллий авиакомпаниялар рейсларида хизмат кўрсатишнинг талаб даражасида эмаслиги, лайнерлар сонининг етарли эмаслиги, авиачипталарнинг қимматлиги Тожикистонда туризм ривожига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, расмийлар Ғарбий Ёвропа ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларига янги ҳаво йўналишларини очиш учун авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаши керак.

“Tajik Air” ва “Somon Air” маҳаллий авиакомпанияларига имтиёзлар берилган. “Tajik Air” миллий авиаташувчиси бир неча йилдан буён инқирозга юз тутмоқда. 2015-йилда Тожикистон ҳукумати авиакомпаниянинг қарзларини 370 минг долларга, 2020-йил июлида эса яна 2 миллион долларга яқин қарзларини кредиторлари билан ҳисоб-китоб қилиш йўли билан ҳисобдан чиқарди. 2019 йилда ҳукумат авиакомпаниянинг солиқ органлари ва давлат корхоналари олдидаги 2, 6 миллион долларлик қарзларини бекор қилди.

Ўтган йили “Озоди” радиоси ўтказган тергов натижаларига кўра, Тожикистон миллий авиаташувчиси банкротлик ёқасида турган. Ҳозирда “Tajik Air”нинг солиқ идоралари, банклар, аэропортлар ва бошқа техник хизматлардан 40 миллион доллардан ортиқ қарзи бор.

Айрим маълумотларга кўра, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг яқин қариндошларига тегишли бўлган “Somon Air” авиакомпанияси 2008 йилда пайдо бўлган ва ҳозирда бозорда монополияга эга.

Тожикистон авиакомпаниялари авиачипталари нархи минтақада энг юқори бўлиб, бу йўловчиларни бошқа йўналишларни излашга мажбур қилмоқда. Ҳозир кўплаб Тожикистон аҳолиси Ўзбекистондаги авиакомпаниялардан чипта сотиб олади: Сўғд вилояти аҳолиси Россия шаҳарларига Тошкент ва Самарқанд орқали, Хатлон вилояти аҳолиси эса Термиз орқали боради.

Айни пайтда экспертлар Тожикистонда “очиқ осмон” сиёсатини жорий этиш тарафдори. Очиқ осмон сиёсати, эксперт Алишер Холиқовнинг фикрича, авиачипталар нархини пасайтиради ва Осиё, Ёвропа ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасида транзит орқали парвозлар географиясини кенгайтиради. Йил бошида Монополияга қарши хизмат раҳбари Душанбедаги матбуот анжуманида ҳукумат “очиқ осмон” режимини жорий этиш масаласини муҳокама қилаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG