Ссылки доступа

Остонада Путиннинг “телефончиси” қўлга олинди


Остона суди Россия қўриқлаш федерал хизмати майори Михаил Жилинни эҳтиёт чораси сифатида 40 кунга қамади. У Россиянинг экстрадиция тўғрисидаги сўровига асосан қўлга олинган. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизмати хабар берди.

36 ёшли Жилин давлат сирларига алоқадор шахсдир, у Россия қўриқлаш федерал хизматининг махсус алоқа ва ахборот бошқармасининг Сибир федераль окргуи бўлимида ишлаган ва Путиннинг минтақалар билан телефон суҳбатларини таъминлаган. Шунинг учун унга мамлакатни тарк этиш тақиқланган. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Жилин истеъфога чиқмоқчи бўлган. Аммо уни ишдан бўшатишдан бош тортишган.

Мобилизация эълон қилинганидан сўнг Жилин Қозоғистонга қочган. У бу ерда сиёсий бошпана сўраган. Бироқ рад жавобини олган. Жилин Остонадан Арманистонга учиб кетмоқчи бўлаётган пайтда қўлга олинди.

Жилиннинг адвокатлари қозоқ судини экстрадиция масаласини кечиктириш лозимлигидан огоҳлантирган. Адвокатлар Жилинга қочоқлик мақомини бериш масаласини қайта кўриб чиқиш юзасидан ариза киритган.

Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Тамара Дуйсенова Россияда мобилизация эълон қилинган 21 сентябрдан сўнг Қозоғистонга 400 минг россиялик кириб келгани тўғрисида билдирган эди. Вазирга кўра, улардан 320 мингги мамлакатдан чиқиб кетди ва айни пайтда Қозоғистонда юз мингга яқин россиялик қолмоқда.

XS
SM
MD
LG