Ссылки доступа

Роскомнадзор Қозоғистоннинг яна бир нашридан Украинадаги уруш ҳақидаги хабарларни олиб ташлашни талаб қилмоқда 


Россиянинг “Роскомнадзор” ташкилоти Қозоғистоннинг “Власть” нашрига ўз сайтидан Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришига оид хабарларни ўчириб ташлаш талаби билан хат йўллади. Давлат ташкилоти мазкур талаб бажарилмаган тақдирда сайтни Россия ҳудудида блоклаб қўйиш билан таҳдид қилган. Бу ҳақда “Власть” нашрининг ўзи хабар қилган.

Роскомнадзор, жумладан, Украинанинг Винница шаҳрида Россия ракеталари билан зарба берилгани натижасида ўн киши ҳалок бўлгани ҳамда Мариуполда нобуд бўлган тинч аҳоли вакиллари сонига оид хабарларни ўчириб ташлашни талаб қилган.

“Власть” Қозоғистон нашри бўлиб, унинг фаолияти Россия қонунлари ва назорат идоралари томонидан тартибга солинмайди. Таҳририят Украинадаги урушга оид бу ёки бошқа исталган хабарни ўз сайтидан ўчириб ташламоқчи эмас. Россиянинг ҳарбий цензура учун масъул бўлган муассасасида бу борада қандай фикрда бўлинишидан қатъи назар, нашр уруш воқеаларини ёритишда давом этади”, дейилган нашр хабарида.

Жорий йилнинг август ойида Роскомнадзор Қозоғистоннинг Ratel.kz нашридан Украинадаги урушга дахлдор материални ўчириб ташлашни талаб қилган. Муассаса, рад жавоби берилган тақдирда, интернет-ресурс Россия ҳудудида блокировка қилиниши билан таҳдид қилган. Шунга қарамай, нашр ўз материалини ўчириб ташлашдан бош тортган.

Роскомнадзорнинг хатти-ҳаракатларини ўз мамлакати ички ишларига аралашиш деб ҳисоблаган журналистлар Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишган. Бироқ ТИВ бу ерда тортишиш учун жиддий сабаб йўқ, деган қарорга келган.

XS
SM
MD
LG