Президент 12 декабрь куни бу борадаги “Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорда “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция”га энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича, бизнес омбудсман билан келишмай туриб, тадбиркорларни текширишга рухсат берилди.
“Ўзбекистон 24” телеканалининг билдиришича, мазкур қарор ортидан АИ-80 бензинининг чакана нархи 8,7 фоизга арзонлайди. Бюджет эса 213,7 миллиард сўм даромаддан ажрайди.
Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам бу маълумотни тасдиқлаган ҳолда, ўз телеграм каналида 13 декабрь соат 00.00 дан бошлаб “Ўзбекнефгаз”га қарашли барча АЁҚШларда АИ-80 бензини нархи бир литри учун 5700 сўмдан сотилишни бошлаши ҳақида билдирди.
“Газета уз” нашри эса ўз манбасига таянган ҳолда 13 декабрдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз”га қарашли UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 бензини нархи 1100 сўмга арзонлашгани тўғрисида хабар берди.
Ўзбекистонда 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар АИ-80 бензинига акциз солиғи бекор қилинди.