Ссылки доступа

Мексикада 7 нафар ўзбекистонлик гаровдан озод қилингани айтилмоқда


El Siglo de Torreon нашрининг билдиришича, Мексика полицияси ўзбекистонлик 7 кишини гаровдан озод қилди. Улардан беш нафари эркак, бир нафари аёл ва бир нафари вояга етмаган боладир.

Хабарда айтилишича, автобусда Қуйи Калифорния штатига кетаётган ўзбекистонликлар Мексиканинг Гомес-Паласио шаҳридаги фермалардан бирида дам олиш учун тўхтаган. Ўзбекистонликлар бу ердан АҚШга ўтиб кетишни режалаштиришган. Аммо фермада уларни гаровга олишган ва 1200 доллар тўлашни талаб қилишган.

Ўзбекистонликларда бу миқдордаги пул бўлмагани учун уларни пул топгунларига қадар фермада ушлаб туришган. Шу аснода полиция бу борада маълумот олган ва воқеа жойига етиб келиб, ўзбекистонликларни озод қилган.

Хабарда полиция гаровдагилар тўғрисидаги маълумотни қай тарзда олгани очиқланмаган ва ўзбекистонликларнинг шахси тўғрисида ҳам маълумот берилмаган.

Айни пайтда озод этилган ўзбекистонликлар Миллий миграция институтига юборилган. Уларни гаровда сақлаб турганларга шерик бўлган Мария Гваделупа исмли 32 ёшли аёл қўлга олинган. Унинг бошқа шериклари тўғрисида маълумот йўқ.

Ҳозирча Ўзбекистон расмийлари бу хабарга муносабат билдирмади.

XS
SM
MD
LG