Ссылки доступа

Қозоғистонда ўнлаб Phystech II нефтчилари иш ҳақини оширишни талаб қилмоқда


Манғистау вилоятининг Тупқорағон туманидаги “Шимолий Қоражонбос” конида Phystech II нефть-газ компаниясининг 30 га яқин смена ишчилари уч кундан бери иш ҳақини 100 фоизга ошириш ва жамоа шартномасига шартлар киритишни талаб қилиб, намойиш ўтказмоқда.

13 декабрга ўтар кечаси навбатчилик сменаси тугаганидан кейин нефтчилар уйларига бормай, компания офисидан унча узоқ бўлмаган жойда чодир ўрнатдилар. Ишчилар Озодликка чодир уй ва унинг ёнида турган ўнлаб нефтчилар акс этган видеони юборишди.

“Корхона раҳбарияти бизни 12 даража совуқда ҳудуддан чиқариб юборди. Биз корхона ҳудудидаг ташқарида муаммонинг ҳал этилишини кутамиз”, - дейди исмини ошкор қилишни истамаган ишчи полиция йиғилганларни кузатаётганини айтиб.

10 декабрь, шанба куни нефтчилар Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев, Манғистау вилояти ҳокими Нурлан Ноғаев ва парламент мажлиси депутатлари Едил Жанбиршин, Самат Мусабоевга видеомурожаат йўллашди.

“Биз иш ҳақини 100 фоизга оширишни талаб қилдик. Маошимиз 112 дан 180 минг тенгегача. Келишув комиссияси тузилди, аммо талабимиз қондирилмади. Кейинчалик тузилган ҳакамлик комиссияси ҳам ечим топа олмади. Улар бизга иш ҳақини бор-йўғи 15 фоизга оширишга ваъда беришмоқда, шу орқали ижтимоий кескинликни юзага келтирмоқда”, — деди ишчилардан бири. Унинг айтганларини бошқа ўнлаб нефтчилар қўллаб-қувватлади.

Phystech II ротацион асосда 110 га яқин киши ишлайди. Компания ҳуқуқшуноси Дариға Кибасовага кўра, айни дамда ўттизга яқин ишчи норозилик билдиришмоқда. “Иш ҳали тўхтагани йўқ. Аммо бошқа сменадаги 55 нафар нефтчи норозилик акциясига қўшилиш ниятида эканликларини айтишди”, деди у.

Кибасовнинг сўзларига кўра, норозилик билдираётган ишчиларнинг маоши ўртача 200-230 минг тенгени (тахминан 450 доллар) ташкил этади, “компания қўлидан келган барча ишни қилмоқда, бироқ ишчилар маошини 100 фоизга оширишга корхонанинг қурби етмайди”. Компания вакилининг сўзларига кўра, компания “банкротлик ёқасида”.

2015 йилда рўйхатдан ўтган Phystech II компанияси хом нефть ва қўшма газ ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Компания жорий йил бошидан буён 2,3 миллиард тенге солиқ тўлаган, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 200 миллион тенгега кўпдир.

Ишчилар Озодликка юборган видеода компания директори Ернар Байҳалиев ва нефтчилар ўртасидаги учрашув акс этган.

Нефтчилардан бирининг Озодликка айтишича, ишчилар қоидага кўра, норозилик билдириш нияти ҳақида аввалроқ корхона маъмуриятини хабардор қилган ва масалани ҳал қилиш учун беш кун муҳлат берган. Корхона директори видеотасвирда бундай хабар келиб тушганини тасдиқлади.

Қозоғистонда сўнгги бир неча йил ичида минтақаларда ишчиларнинг иш ташлашлари тез-тез учраб туради. Йил бошидан бери Манғистау вилоятида, хусусан, Жанаўзен шаҳрида маҳаллий корхоналар ишчилари ва ишсиз фуқароларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

XS
SM
MD
LG