Ссылки доступа

Германия мухолифат сиёсатчининг ўғлини Тожикистонга депортация қилмоқчи


Хориждаги мухолифат гуруҳларини бирлаштирган Тожикистонда тақиқланган Тожикистон Миллий альянси вакиллари Тожикистон Ислом Уйғониш партияси аъзосининг ўғли Германиядан депортация қилиниши кутилаётганини маълум қилди.

Тожикистон Миллий Альянси матбуот котиби Маҳмуджон Файзраҳмон 12 декабрь куни твиттерда Шамсиддин Саидовнинг 32 ёшли ўғли Абдулло Шамсиддин 13 декабрь куни Германиядан Тожикистонга депортация қилиниши ҳақида ёзди.

“Тожикистонда унга худди 2020 йилда Австриядан депортация қилинган ва Тожикистонда 20 йилга қамалган Шовализода сингари қийноқлар ва қамоқ жазоси билан таҳдид қилинмоқда”, деб ёзади Файзраҳмон.

Германия ҳукумати тақиқланган ТИУП фаолининг ўғлининг чиқариб юборилиши масаласига расман изоҳ бермаяпти.

Шамсиддин Саидовнинг 13 декабрь куни Озоди радиосига айтишича, муаммо ўғлининг Германия миграция хизматида ўз вақтида рўйхатдан ўтмаганидан бошланган. "Яшаш жойига келсак, ҳужжатларни топширишда кечикдик ва шу савол туғилди. Бундан бошқа муаммо йўқ эди. Ҳозир биз адвокат ёлладик ва уни депортация қилишнинг олдини олишга ҳаракат қиляпмиз", - деди у.

2018 йилнинг январида Хатлон вилояти суди ТИУП Сиёсий Кенгашининг собиқ аъзоси, Саид Абдулло Нурийнинг собиқ ёрдамчиси Шамсиддин Саидовни сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.

2017 йилда Тожикистон парламенти Тожикистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ҳукумат томонидан таклиф этилган тузатишларни республика ҳудудидан ташқарида бўлган ўта хавфли жиноятчиларга нисбатан мамлакатда сиртдан жазо қўллаш амалиёти тўғрисида маъқуллаган.

Таъқиқланган Ислом Уйғониш партияси аъзоси Ҳизбулло Шовализода 2020 йилда Австриядан Тожикистонга экстрадиция қилинди ва 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, бу эса инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг норозилигига сабаб бўлди.

Файзраҳмоннинг айтишича, Абдулло Шамсиддин ҳам Германиядан бошпана изловчи.

ТИУП Тожикистон ҳукумати томонидан террорчи ташкилот деб эълон қилиниб, унинг мамлакатда фаолияти тақиқланганидан сўнг ушбу ва ҳукуматга мухолиф бўлган бошқа сиёсий гуруҳ ва ҳаракатларнинг кўплаб аъзолари ва тарафдорлари Европага, жумладан, Германияга қочиб, бошпана сўраган. Барча аризалар Европа расмийлари томонидан қаноатлантирилмайди ва яқинда оммавий ахборот воситаларида бу бошпана изловчиларнинг ватанида чиқариб юборилиши ва қамоққа олиниши ҳолатлари ҳақида хабар берилган.

XS
SM
MD
LG