Ссылки доступа

“Чегара билмас мухбирлар”: 2022 йилда дунё бўйлаб 57 нафар журналист ҳалок бўлди


UKRAINE – An AFP journalist runs as smoke rises behind after a bombardment in Bakhmut, Eastern Ukraine, on July 31, 2022

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳисоботига кўра, Украина уруш туфайли оммавий ахборот воситалари ходимлари учун иккинчи хавфли давлатга айланди. Бундан ташқари, 2022 йилда ўз меҳнати учун қамоққа олинган оммавий ахборот воситалари ходимлари сони энг юқори чўққисига чиқди.

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти (RSF) 14 декабрь, чоршанба куни тақдим этган ҳисоботига кўра, икки йиллик пасайиш тенденциясидан сўнг ўз иши туфайли ўлдирилган журналистлар сони яна кўпайди. 2022 йилда дунё бўйлаб 57 нафар оммавий ахборот воситалари ходими вафот этди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 19 фоизга кўпдир. Ҳисобот муаллифлари буни, бошқа нарсалар қатори, Украинадаги уруш билан боғлаяпти. У, экспертлар фикрича, бу йил ОАВ ходимлари учун энг хавфли иккинчи давлатга айланган. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг қайд этишича, 2022 йилда бу ерда саккиз нафар журналист хизмат вазифасини бажараётиб ҳалок бўлган.

Экспертлар 13 март куни Россия ҳарбийлари томонидан отиб ўлдирилган украиналик фотосуратчи Максим Левин ва Украина шарқида отишма кетаётганида ҳалок бўлган франциялик видеомухбир Фредерик Леклерк- Имхофф билан боғлиқ ҳодисаларни эслатган.

Бундан ташқари, жорий йилда камида 65 нафар ОАВ ходимлари ўғирлаб кетилган, дейилади ҳисоботда. Хусусан, Украина ахборот агентлиги журналисти Дмитрий Хилюкни охирги марта 4 март куни ўша пайтда Россия Қуролли кучлари назорати остида бўлган Киев вилоятининг Димер қишлоғида кўришган. Хилюкнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотига кўра, Хилюк Россияга олиб кетилган.

RSF ҳисоботида айтилишича, 1 декабрь ҳолатига кўра, дунё бўйлаб мисли кўрилмаган сонда – камида 533 нафар журналист ўз касбий фаолияти учун қамалган. Бундай ҳолатларнинг ярмидан кўпи бешта давлатда учрайди: Хитой, Мянма, Эрон, Вьетнам ва Беларус. Бу ерда биринчи ўринни Хитой эгаллаб турибди, у ерда 110 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари панжара ортида. Эронда оммавий норозилик намойишлари пайтида 47 нафар оммавий ахборот воситалари ходими қамоққа ташланди.

«Қамоққа олинган оммавий ахборот воситалари ходимларининг рекорд сони авторитар режимлар шунчаки норози журналистларни панжара ортига ташлаётганидан далолат беради. Аксарият ҳолларда улар судга ҳам олиб борилмайди», - дейди «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти кенгаши матбуот котиби Катя Глогер.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти маълумотларига кўра, 1 декабрь ҳолатига кўра, Россияда 18 нафар ОАВ ходими ҳибсда сақланмоқда. Улардан саккиз нафари, ташкилот ҳисоботига кўра, Россия 2014 йилда аннексия қилган Қримда ҳибсга олинган украиналиклардир.

Ҳисоботда қайд этилишича, Украинага қарши тажовуз бошланганидан кейин Россияда журналистларнинг иш шароитлари сезиларли даражада ёмонлашган. «Мамлакатда қолган оммавий ахборот воситалари ходимларининг аксарияти шафқатсиз жазо таҳдиди остида яширин равишда ишлашга мажбур: Россия армияси ҳақида «ёлғон маълумот» тарқатгани учун уларни 15 йилгача қамоқ жазоси кутмоқда», — дейилади ҳужжатда.

Ҳисобот муаллифлари «давлат сирларини» ошкор қилганликда айбланиб, 22 йилга озодликдан маҳрум этилган россиялик тадқиқотчи журналист Иван Сафроновни ҳам тилга олди. Сафроновнинг ҳамкасблари тергов томонидан айтилган деярли барча «сирлар» интернетдаги очиқ манбаларда борлигини аниқлашди.

XS
SM
MD
LG