Ссылки доступа

БП: Нукус воқеаларига оид жиноят иши бўйича 171 нафар шахс айбланяпти


Қорақалпоғистонда шу йилнинг июль ойи бошида рўй берган воқеалар бўйича қўзғатилган жиноят ишига жами 171 киши айбланувчи сифатида жалб этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукус воқеалари ўрганиш бўйича ташкил этилган мустақил комиссияси мурожаатномасига жавобан билдирган.

БП қайдича, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар юзасидан дастлаб 516 киши ушланган, бундан 5 нафарига нисбатан уй қамоғи ҳамда 166 нафарига нисбатан Жиноят кодексида кўзда тутилган жиноятлари учун қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган, қолганларга нисбатан суд томонидан маъмурий жавобгарлик доирасида қамоқ жазоси тайинланган.

Қамоққа олинган 107 нафар айбланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чоралари мустақил комиссия, жамоатчилик сўрови ва кафиллиги ҳамда депутатлар киритган илтимосномалар асосида ўзгартирилган. Хусусан, уларнинг 10 нафарига уй қамоғи ва 97 нафарига жамоа кафиллиги эҳтиёт чоралари қўлланилиб, қамоқдан озод қилинган. Кейинроқ уй қамоғида сақланаётган 14 нафар айбланувчига нисбатан ҳам эҳтиёт чораси жамоат кафиллигига ўзгартирилган.

Бош прокуратура айни вақтда жиноят ишининг 22 кишига оид қисми (20 нафарига қамоқ, 1 нафарига жамоа кафиллиги ва 1 нафарига уй қамоғи қўлланилган) айблов хулосаси билан тамомланиб, судга юборилганини билдирган.

Мазкур 22 кишига нисбатан суд жараёни жорий йилнинг 28 ноябрида бошлангани, Бухоро вилоят судида бўлиб ўтаётган маҳкама ҳали ҳам давом этаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

БП ўз жавобида қолган айбланувчилар ва бошқа ҳолатлар юзасидан жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилганини қайд этган.

Бош прокуратура вакилларига кўра, айни пайтда алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов якунланяпти, иш бўйича 39 нафар айбланувчи қамоқда сақланяпти.

Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича Олий Мажлис томонидан тузилган мустақил комиссия аввалроқ Қорақалпоғистондаги воқеаларга оид жамоатчиликни қизиқтираётган масалалар юзасидан Бош прокуратурага мурожаат йўллаган эди.

Комиссиянинг БПга йўллаган мурожаатномасида “оммавий тартибсизликлар вақтида ва айбдорларни қўлга олиш жараёнида хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруратсиз куч ва воситаларни ишлатган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига нисбатан қонуний чора кўриладими?” деган савол ҳам бор.

Бу саволга прокуратура вакиллари: “Жамоат тартибини сақлашга сафарбар қилинган ҲМҚО ходимлари томонидан оммавий тартибсизлик иштирокчиларига нисбатан қурол ва махсус воситалар қўлланилганлиги ҳолатига алоҳида иш юритувига ажратилган жиноят иши доирасида ҳуқуқий баҳо берилади. 2 нафар фуқаронинг вафоти ҳолати юзасидан ЖКнинг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида прокуратура идоралари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тергов якунига кўра, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланади”, дея жавоб берилган.

БП вакиллари ҲМҚО ходимлари томонидан хизмат ваколатларидан четга чиқиб, заруратсиз куч ва воситалар ишлатилгани ўз тасдиғини топиб, суд муҳокамасига юборилган тақдирда, Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилишини қўшимча қилганлар.

Июль ойи бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши Нукусда кузатилган оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилган.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Бунинг ортидан 500 киши қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG