Ссылки доступа

Украинада собиқ президент Януковичнинг барча мол-мулки мусодара қилинди


Украина Олий антикоррупция суди Адлия вазирлигининг даъво аризасини қаноатлантирди ва мамлакатнинг собиқ президенти Виктор Януковичга мансуб бўлган барча кўчмас ва кўчувчи мулкларни ҳамда пулларни давлат фойдасига муосдара қилди.

Суднинг расман билдиришича, жумладан, Януковичнинг Киев яқинидаги Межигорье резиденцияси, Сухолучьедаги меҳмонхона-ресторан комплекси, Киевдаги квартираси, банк ҳисобидаги 1 миллион доллардан кўпроқ пул, ширкатлардаги улушлари, умумий нархи 18,7 миллион евро бўлган 537 та маданий қимматга эга буюмлари олиб қўйилди. Маданий қийматга эга бўлган буюмлар орасида китоблар, иконалар, картиналар, антиквар мебель, соатлар, гулдонлар, қиличлар, қуроллар ва XIX асрга мансуб замбарак ҳам бор.

Янукович 2010 - 2014 йилларда Украина президенти бўлган. 2014 йилда у мухолифат намойишлари (Майдан) ортидан мамлакатдан қочди. Бу эса Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишига ва Донбассдаги конфликтнинг бошланишига омил яратди.

Украинада Янукович давлатга ҳиёнатда ва бошқа жиноятларда айбланмоқда. У бир жиноят иши бўйича сиртдан 13 йилга қамалган. Янукович ҳозирда Россияда яшамоқда. У анчадан бери жамоатчиликка кўриниш бермади.

XS
SM
MD
LG