Тожикистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига берган ҳисоботида, хорижликларнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига уларнинг маҳаллий қонунлар талабларини бузиши, хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлгани айтилади.
Ҳукумат ҳисоботи шу йилнинг ноябрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига тақдим этилган эди. Ҳужжатда, хусусан, депортациянинг асосий сабабларидан бири афғон қочқинларининг яшашга рухсат этилмаган шаҳар ва ҳудудларга ноқонуний кўчиб ўтиши эканлиги қайд этилган.
Афғонистонлик қочқинларнинг аксарияти Душанбедан 30 километр шарқда жойлашган Ваҳдат шаҳрида истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти аввалроқ Озоди радиосига берган интервьюсида мамлакатда қонуний яшаётгани ва БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги томонидан берилган расмий гувоҳномага эга эканликларини айтган эди.
Тожикистон ҳукумати Афғонистонда радикал Толибон яна ҳокимият тепасига келганидан сўнг таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарамай, афғонларни ўз ватанига ҳайдаб юборгани учун халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилинди. Биргина ўтган йилнинг ўзида Тожикистон ҳукумати 74 нафар, август ойи бошидан эса ўн нафар афғон қочқинини ўз ватанларига бадарға қилган. Бадарға қилинган афғонлардан бирида расмий қочқинлик гувоҳномаси бўлган.
Август ойида афғон қочқинлари Тожикистон президентига йўллаган мактубида уларни тўғридан-тўғри кўчадан ёки уйларидан олиб чиқиб, Афғонистон билан чегарага олиб кетишганини билдирган эди. Қочқинлар Имомали Раҳмондан “қочоқлар ва бошпана изловчиларнинг Афғонистонга мажбуран қайтаришни” тўхтатишни сўрашган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси аввалроқ расмий баёнот бериб, халқаро ҳуқуққа кўра, қочқинларни ўз ватанига депортация қилиш ноқонуний эканини таъкидлаган эди.
“Тожикистон қочқинларни ҳибсга олиш ва депортация қилишни бас қилиши керак, бу ҳаракатлар одамлар ҳаётига хавф туғдириши аниқ”, - деди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги матбуот котиби Элизабет Тан.
Тожикистон расмийларига кўра, мамлакатда Афғонистондан ўн мингдан ортиқ қочқин истиқомат қилади, уларнинг аксарияти ўтган йиллар давомида Толибондан қочиб кетган. Афғонистонлик қочқинларнинг катта қисми Тожикистонда узоқ муддатли режалар тузмаётганини айтади. Улар бу мамлакатни Ғарбга йўл олаётган транзит нуқтаси сифатида қабул қиладилар. Сўнгги бир йил ичида Тожикистондан Канадага 4000 га яқин афғон қочқинлари кўчиб ўтган.